Ўзбекистон | 12:51 / 17.08.2019
64407
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қизлар учун никоҳ ёши қонунан 18 ёш этиб белгиланмоқда

Фото: KUN.UZ

“Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси доирасида ушбу масала кўриб чиқилиб, маъқулланди. Энди лойиҳа навбатдаги ялпи мажлисда кўриб чиқилади. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.

Қайд этилишича, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 1-моддасига кўра 18 ёшга тўлмаган ҳар қандай инсон бола ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Бироқ Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигида ўн саккиз ёшга етмаган шахсни никоҳ тузишга (турмушга чиқишига) рухсат берилиши ҳақидаги норманинг мавжудлиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ эмас эди.

Оила кодексининг 15-моддаси биринчи қисми билан никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланмоқда. Амалда эса 17 ёш.

Маълумотларга кўра, ФҲДЁ органлари томонидан 17 ёшда никоҳи қайд этилган хотин-қизлар сони 2016 йилда 4233 тани, 2017 йилда 4853 тани ва 2018 йилда 5123 тани ташкил этган.

Қонун қабул қилиниши хотин-қизларнинг эрта никоҳи ва эрта туғуруқнинг олдини олишга хизмат қилади. 

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий мамлакатларда никоҳ ёшини белгиланганлиги ҳолати ҳам ўрганилган. Жумладан, Россия, Арманистон, Тожикистон, Озарбойжон, Украина, Молдова, Франция, Германия ва Филиппин Республикасида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган.

“Узоқ вақтдан бери кўп муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётган никоҳ ёши масаласида ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам мантиқли қарорга келинаётгани кўпчилигимиз учун рози бўлишга арзирли ҳол”, - деб ёзади депутат.

Мавзуга оид