Спорт | 17:31 / 21.08.2019
5890
2 дақиқада ўқилади

Рибери «Фиорентина» аъзосига айланди

Франциялик яримҳимоячиси Франк Рибери расман «Фиорентина» клуби аъзосига айланди.

Флоренцияликлар клуби расмий сайтида шу йил ёзида «Бавария»ни эркин агент сифатида тарк этан 36 ёшли ҳавбек билан шартнома имзолангани тасдиқланган.

Бундан аввалроқ, ОАВ Рибери «фиалка» билан икки йиллик шартнома тузиши ҳақида хабар берганди. Футболчи янги клубида йилига 4 миллион евро миқдорида маош олади.

Яқин вақтлар ичида «Фиорентина» футболчининг таништирув маросимини ўтказади.

Риберининг айтишича, «Бавария»га у билан бир вақтда келган собиқ жамоадоши Лука Тони унинг айни шу клубни танлашига туртки берган. Италиялик собиқ ҳужумчи 2005-2007 ва 2012-2013 йилларда «Фиорентина»да ўйнаган эди.

«Бу ердалигимдан хурсандман. Оилам билан келдим. Ўтган ҳафта давомида «Фиорентина» билан музокара ўтказиб, Лука Тони билан ҳам маслаҳатлашдим. У «Фиорентина»ни чиройли шаҳарда жойлашган ажойиб жамоа деб таърифлади», – дея Риберининг сўзлари келтирилган журналист Жанлука ди Марционинг сайтида.

Франциялик юлдуз эртага оқшомда янги жамоаси билан 2 йиллик шартномага имзо чекади.

Маълумот учун, флоренцияликлар жамоаси ўтган мавсум А Серияда 16-ўринни олган, Италия Кубогида эса ярим финалгача етиб борганди.

2019 йил апрелида клубни икки йил бошқарган мураббий Стефано Пиоли истеъфога чиқарилиб, ўрнига Винченцо Монтелла тайинланган.

Мавзуга оид