Жаҳон | 23:17 / 26.08.2019
41668
2 дақиқада ўқилади

Муслима аёл комил эри билан ажрашишга қарор қилди

Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи аёл ғалати сабаб туфайли эри билан ажрашиш ҳақида Ал-Фужайранинг шариат судига ариза топширди, деб хабар беради «Ислам и семья». Муслима аёл комил оилавий ҳаёт ва эрининг ҳаддан зиёд муҳаббатини кўтара олмай қолган.

Талоқ илтимосномасида аёл эри билан яшаган йиллар давомида бирор марта жанжал бўлмагани, турмуш ўртоғининг жуда ҳам меҳрибон эканини, ҳатто ҳеч қачон овозини баланд кўтариб гапирмаганини, бақирмаганини кўрсатган. Бундан ташқари, эри унга баъзан уй ишларида қарашиб турган, ҳатто овқат ҳам тайёрлаган.

Муслима аёл судда эрининг «ҳаддан ортиқ муҳаббати»дан бўғилиб кетаётганини ва ҳеч бўлмаса «баъзан уришиб туришни» истаётганини, аммо «сермуҳаббат» эри туфайли бунинг имкони йўқлигини, жуфти ҳалоли унинг ҳар қандай камчилигини кечириб, совғаларга кўмиб юбораётгани ҳақида баёнот берган. 

«У ҳеч қачон менга бақирмаган, ҳеч қайси илтимосимни ерда қолдирмаган», — деб тан олади аёл.

Шунингдек, аёл эрининг ортиқча вазни ҳақида ҳазиллашганида, у жиддий парҳез қилиб, спорт билан шу даражада фаол шуғулланганки, ҳатто оёғини ҳам синдириб олган. 

«Менга муаммосиз, тинч ҳаёт эмас, балки жанжал, шовқин-сурон керак», — деб баёнот берди аёл.

Рафиқасининг бундай баёнотларидан ҳайрон бўлган эр шунчаки муносиб бўлишга ҳаракат қилганини айтиб, судьядан талоқ илтимосномасини рад қилишни сўраган. Якунда суд эр-хотин ўзаро келишиб олиши учун имкон бериб, ишни кўриб чиқишни бошқа санага қолдирган.

Мавзуга оид