Жаҳон | 20:00 / 27.08.2019
15106
3 дақиқада ўқилади

Бразилия президенти Макронга узр сўрашни таклиф қилди 

Фото: Wikipedia

Бразилия президенти Жаир Болсонару франциялик ҳамкасби Эмманюэль Макронга уни ҳақоратлагани учун узр сўрашни таклиф қилди. У бу ҳақда журналистларга айтди. 

“Бошланишига, жаноб Макрон менга айтган ҳақоратидан воз кечиши керак. Биринчидан, у мен ёлғончи деб атади. Иккинчидан, менинг билишимча, у Амазония устидан суверенитетимизни савол остига қўймоқда”, деб айтган Болсонару. Унинг айтишича, шундан кейингина Бразилия ҳукумати Амазония ўрмонларидаги ёнғинларни ўчириш учун “Катта еттилик” давлатларидан молиявий ёрдам олиш имконини кўриб чиқиши мумкин.

Аввалроқ Болсонару девонхонаси раҳбари Оникс Лоренцони Бразилия Макрон томонидан эълон қилинган “еттилик” ёрдамидан бош тортишини маълум қилганди.

“Дастлаб узр, кейин таклиф, сўнгра мен жавоб бераман”, деб қўшимча қилган Бразилия президенти. 

Болсонару аввалроқ Франция президенти рафиқаси шаънига айтган номақбул сўзлари ҳақидаги саволга унинг мақсади тамомила акси бўлганини айтган. “Мен фойдаланувчилардан бошқа бундай хабарлар ёзмасликларини сўрагандим”, деб тушунтирган Бразилия етакчиси. У Франциянинг биринчи хонимидан узр сўрамоқчи-йўқлиги ҳақидаги саволга жавобан матбуот билан суҳбатни давом эттиришдан бош тортган.  

Ўтган якшанба куни Болсонарунинг Facebook’даги обуначиларидан бири Франция биринчи хоними Брижит Макроннинг ташқи қиёфаси борасида кинояли изоҳ қолдирган. У Бразилия ва Франция етакчиларининг ўз рафиқалари билан тасвирланган фотоколлажни жойлаштирган. Сурат остида “Макрон Болсонаруни таъқиб қилаётганининг сабаби энди тушунарли” деган ёзув бўлган. “Президент, Макрон сизга ҳасад қилмоқда”, деб изоҳ қолдирган фойдаланувчи ўз навбатида.

Гап шундаки, 64 ёшли Болсонарунинг рафиқаси 37 ёшда бўлиб, 41 ёшли Макроннинг рафиқаси эса аксинча 66 ёшда. 

Фойдаланувчининг ушбу изоҳига Бразилия президентининг расмий аккаунтидан “Бояқишни камситма, ха-ха” деган жавоб ёзилган. Болсонару матбуот хизматида ушбу сўзлар президентнинг ўзига ёки бирор ёрдамчисига тегишли экани-йўқлиги тасдиқлаб ўтирилмаган. 

Кейинроқ Макрон Амазония муаммосига бағишланган матбуот анжуманда Бразилия президентининг бундай “қўпол” гапларидан афсус билдирган. “Умид қиламанки, Бразилияда ўзини мажбуриятларидан юқорироқ тутувчи президент бўлади”, деб айтган Макрон.  

Мавзуга оид