Ўзбекистон | 07:31 / 31.08.2019
19495
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилмоқда

Фото: NASA

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармасининг Йўлдош алоқа технологиялари бошқармаси тугатилди ва унинг бўшайдиган 5 та штат бирлиги “Ўзбеккосмос” агентлигига ўтказилди.

Белгиланишича:

“Ўзбеккосмос” агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

“Ўзбеккосмос” агентлиги ходимларининг чекланган сони 37 та штат бирлигини ташкил этади;

“Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори, бош директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

“Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

“Ўзбеккосмос” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Қуйидагилар “Ўзбеккосмос” агентлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолият, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

космик фаолият соҳасининг лозим даражада ривожланиши, соҳага тегишли ва у билан боғлиқ ишлар, хизмат кўрсатишнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида космик фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

космик тармоқ инфратузилмаси, космик тадқиқотлар ва технологиялар, илмий-изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

космик фаолиятнинг барча йўналишлари бўйича кадрларни, жумладан, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

стратосфера ва бошқа учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, ерни масофадан туриб зондлаш ва йўлдошли алоқа космик аппаратларини қўллаган ҳолда давлат органларига масалаларни ҳал этиш самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;

космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни космик фаолият соҳасига, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари, донор-мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва молия ресурсларининг кенг жалб этилишини таъминлаш;

космик фаолиятнинг айрим йўналишлари тижоратлаштирилишини рағбатлантириш.

“Ўзбеккосмос” агентлиги ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасидаги халқаро экспертларни ўз таркибига киритган Илмий-техник ва эксперт кенгаши ташкил этилди.

Белгиланишича, космик тармоқни ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш “Ўзбеккосмос” агентлигининг Илмий-техник ва эксперт кенгаши хулосалари асосида амалга оширилади.

“Ўзбеккосмос” агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2019 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Космик фаолият тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритади.

2020 йил 1 июлга қадар 2020-2030 йиллар давомида Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади:

Ўзбекистон Республикасида космик тармоқни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича яхлит кўришни ишлаб чиқиш ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилиш;

саноат ва экологик хавфсизликнинг юқори даражасини таъминловчи замонавий илғор технологияларни қўллаган ҳолда космик тармоқ ва тегишли инфратузилма объектларини қуриш;

олий таълим муассасаларида ҳамда ўқув марказларида космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳаси мутахассисларини тайёрлашни ташкил этиш.

Мавзуга оид