Ўзбекистон | 18:15 / 06.09.2019
6662
2 дақиқада ўқилади

Бўш турган объектларни сотишда янги амалиёт жорий этилди

Бугун, 6 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Давлат активларини тасарруф этиш, саноат соҳасидаги активларни бошқариш ва баҳолашнинг долзарб масалалари» мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги мутасаддилари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Агентлик департамент бошлиғи Бахтиёр Ҳайдаров бўш турган иншоотларни сотиш бўйича жорий этилган янги усул ва соҳадаги бошқа янгиликлар ҳақида маълумот берди.

«Давлат мулкини хусусийлаштиришда олдин қўлланмаган амалиёт жорий этилди. Бунда давлат активларини сотишда инвестиция воситачилари жалб қилинди. Бошқача айтганда, бўш турган иншоотларга хорижлик инвесторларнинг ҳам қизиқишини орттиришга ҳаракат қилинмоқда.  Шунингдек, хорижий тажрибада кенг ишлатиладиган IPO ва SPO йўли, яъни акцияларни оммавий сотиш ҳам қўлланди. 2019-2020 йилларда 6та акциядорлик жамиятининг 350 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги акцияларини фонд биржасига чиқариш белгилаб олинди. Респубдлика бўйича 2018 йил 4 апрелда биринчи марта IPO усули орқали акциялар жойлаштирилганди. Натижада, 3 минг 300дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар акция эгалари бўлишди. Йирик корхоналар акцияларини мана шу йўл орқали сотиш режалаштирилган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ҳайдаровнинг қўшимча қилишича, давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва бошқариш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда бир қатор янгиликлар ўз аксини топган. Осиё тараққиёт банки томонидан жалб этилган экспертлар иштирокида амалдаги йирик корхонада корпоратив бошқарув ҳолати ўрганилди ва уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Мавзуга оид