Ўзбекистон | 14:12 / 06.09.2019
9164
4 дақиқада ўқилади

Мингбулоқ ва Поп туманларида агросаноат кластери ташкил этиляпти

Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп туманларида агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Altintoprak Pamuk Tekstil Tarim Nakliyat Sanayi Ve Ticaret Limited Sirketi" компанияси (Туркия) ўртасида 2019 йил 15 май куни ўзаро англашув меморандуми имзоланган;

ушбу ўзаро англашув меморандумида 30 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп туманларида замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, уруғчилик соҳасини ривожлантириш, иссиқхона комплексларини барпо этишни назарда тутувчи агросаноат кластерини ташкил қилиш назарда тутилган;

агросаноат кластерини ташкил этиш учун хорижий инвестициялар иштирокида “Art Soft Holding" масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган;

“Art Soft Holding” МЧЖ ва унинг таркибига кирадиган агросаноат корхоналари томонидан 2019-2022 йилларда 114,2 млн AҚШ доллари миқдорида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда “Altintoprak Pamuk Tekstil Tarim Nakliyat Sanayi Ve Ticaret Limited Sirkeli” компаниясининг (Туркия):

Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Поп туманларида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, халқаро молия институтларининг маблағларини, хорижий банкларнинг кредит линиялари ва тижорат банкларининг кредит линияларини жалб қилиш ҳисобига агросаноат кластерини ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш;

“Art Soft Holding” МЧЖни рўйхат бўйича агросаноат корхоналаридан иборат таркибда ташкил этиш;

“Art Soft Holding” МЧЖ таркибига кирадиган “Art soft tex cluster” фермер хўжалигига пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотларини, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик ҳамда иссиқхона маҳсулотларини етиштиришни ташкил қилиш мақсадида Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида белгиланган тартибда умумий 30,9 минг гектар, шундан 27,1 минг гектар экин майдони ҳамда Поп туманида умумий 31,5 минг гектар, шундан 24,7 минг гектар экин майдонини 50 йилгача бўлган, бироқ ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Қуйидагилар Агросаноат кластерининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

тупроқ унумдорлигини ошириш, экин ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

илм-фаннинг илғор ютуқларини, пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг замонавий ва самарали усулларини, илғор инновацион агротехник ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш;

тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлашнинг самарали усуллари ва технологияларини қўллаш;

қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

иссиқхона комплексларини ривожлантириш:

логистика марказларини ташкил этиш;

илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, селекция ҳамда уруғчилик йўналишида қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагай уруғларини яратиш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш.

‘‘Art Soft Holding” МЧЖни унинг таркибига кирадиган агросаноат корхоналари томонидан 2019-2022 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг прогноз параметрлари тасдиқланди.

Мавзуга оид