Спорт | 22:57 / 06.09.2019
73919
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Ўзбекистон миллий жамоасини кейинги ўйинларда ким бошқариши керак?

Tribuna.uz Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаши доирасида Фаластинга қарши ўйинда мағлуб бўлганидан сўнг телеграмдаги ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказишди.

186 минг кишидан кўпроқ ўқувчига эга бўлган телеграм каналида ўтказилган сўровномада мухлислар миллий жамоани кейинги ўйинларда ким бошқариши керак, деган саволга жавоб беришди.

Натижаларга кўра, сўровномада қатнашган 32 мингдан ортиқ кишининг 27 фоизи (8500 нафардан ортиқ киши) амалдаги мураббий Эктор Купер миллий жамоа бошқарувида қолиши керак деб ҳисоблайди. 25 фоиз респондент эса (8000 нафардан ортиқ киши) «Бунёдкор» устози Вадим Абрамов миллий жамоага қайтишини истамоқда.

Қатнашчиларнинг 24 фоизи (8000 нафарга яқин киши) хориждан бошқа мураббий олиб келиш тарафдори эканини билдирган. Бундан ташқари, сўровномада қатнашганларнинг 8 фоизи (2700 нафардан ортиқ киши) миллий жамоани Миржалол Қосимов, 8 фоизи (2700 нафардан ортиқ киши) Рўзиқул Бердиев, 5 фоизи (1 500 нафардан ортиқ киши) Шота Арвеладзе бошқариши керак деб ҳисоблайди.

3 фоиз қанташчи эса (1000 нафардан ортиқ киши) «Навбаҳор»га қайтган Андрей Канчельскис Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи бўлиши керак деб ҳисоблаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичидаги кейинги ўйинни 10 октябрь куни Яман терма жамоасига қарши Тошкентда ўтказади. Ундан олдинроқ, 9 сентябрь куни Ироққа қарши ўртоқлик ўйини бўлиб ўтиши белгиланган.

Мавзуга оид