Ўзбекистон | 15:10 / 18.09.2019
3348
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Иордания ишбилармонлар кенгаши тузилиши кутиляпти

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 17 сентябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон ва Иордания ташқи сиёсат идоралари ўртасида илк маротаба сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Ташқи ишлар ва муҳожирлар масалалари бўйича вазирлик бош котиби Сажа ал-Мажалий бошчилик қилди.

Сиёсий маслаҳатлашувларда Иордания томонидан режалаштириш ва халқаро тараққиёт, саноат ва савдо, рақамли иқтисодиёт ва стартаплар вазирликлари, парламент, шунингдек, Иордания ва Аммон шаҳри савдо-саноат палаталарининг масъул вакиллари иштирок этдилар.

Делегациялар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга урғу бериб ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини батафсил кўриб чиқдилар, минтақавий ва халқаро муаммолар, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасидаги алоқаларнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар.

Турли даражадаги сиёсий алоқаларнинг давлатлараро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, узоқ муддатли ва кўп қиррали тус беришдаги муҳим ролини тасдиқланди. Ўзаро савдо, инвестиция ҳажмини кенгайтириш, Ўзбекистон-Иордания шериклигининг шартнома-ҳуқуқ асосларини мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда парламентлараро алоқалар ва шартнома-ҳуқуқ асосини кенгайтиришнинг алоҳида аҳамияти қайд этилди.

Томонлар икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш ва Ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

Музокараларда туристик ва маданий-гуманитар алмашинув масалалари ҳам кўриб чиқилди, дейилади ТИВ хабарида.

Мавзуга оид