Ўзбекистон | 12:03 / 18.09.2019
39937
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тасдиқланди

Фото: Androidcentral.com

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимида:

2019 йил 1 ноябргача - уларни автоматик тарзда мобил алоқа операторлари тармоқларига улаш (активлаштириш) орқали бепул асосда;

2019 йил 1 ноябрдан - Низомга мувофиқ жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул асосда;

2019 йил 1 декабрдан - Низомга мувофиқ жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали пулли асосда рўйхатга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш мақсадида мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими операторининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида битим тузилишини ҳамда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги ҳақидаги маълумотлар билан автоматик тарзда алмашиш учун уларнинг электрон тизимларига уланишини бир ой муддатда таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра,  IMEI-кодлар маълумотлар базаси - Тизим рўйхатга олувчилари, мобил алоқа операторлари, импорт қилувчилар, ишлаб чиқарувчи ташкилотлар. ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жисмоний шахслар тақдим этадиган маълумотлар асосида Тизим оператори томонидан шакллантириладиган база. 

IMEI-кодлар маълумотлар базаси мобил қурилмалар IMEI-кодларининг оқ рўйхати, қора рўйхати, кул ранг рўйхати ва боғланган оқ рўйхатидан иборат.

Оқ рўйхат - мобил қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхати бўлиб, улар:

2019 йил 1 ноябргача бўлган даврда мобил алоқа операторларининг тармоқларига уларни улаш (активлаштириш) орқали автоматик режимда рўйхатга олинган;

ушбу Низомга мувофиқ рўйхатга олинган бўлади.

Оқ рўйхатга киритилган мобил қурилмаларга мобил алоқа хизматларидан мобил алоқа оператори билан тузилган шартномага ва амалдаги тарифга кўра белгиланган тартибда фойдаланишга рухсат берилади;

қора рўйхат - ушбу Низомда назарда тутилган тартибда рўйхатга олинмаган мобил қурилмалар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ахборотига кўра йўқотилган ва ўғирланган мобил қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхати ва мобил қурилмаларнинг клонланган ҳамда аниқланмаган IMEI-кодлар.

Қора рўйхатга киритилган мобил қурилмаларнинг абонентга қора рўйхатга киритилганлиги сабаби тўғрисида SMS-хабарномани юборган ҳолда, мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш чекланади (бир вақтнинг ўзида боғланган оқ рўйхатда бўлган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари бундан мустасно).

Мобил алоқа хизматларидан фойдаланишни чеклаш деганда ушбу мобил қурилма орқали исталган телекоммуникация хизматини олиш имконияти йўқлиги назарда тутилади;

кул ранг рўйхат - оқ ёки қора рўйхатларга киритилмаган, аммо мобил алоқа операторининг тармоғида биринчи тармоқ ҳодисаси пайтидан бошлаб 30 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатга мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладиган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхати;

боғланган оқ рўйхат - мобил қурилмалар IMEI-кодларининг рўйхати бўлиб, улар:

клонланган ёки аниқланмаган, аммо 2019 йилнинг 1 ноябригача бўлган даврда IMEI-кодни абонентнинг телефон рақами билан боғлаган ҳолда автоматик равишда рўйхатга олинган бўлади (IMEI - MSISDN);

GSMA талабларига жавоб берадиган, бошқа қурилма билан биргаликда IMEI-кодлар маълумотлар базасига киритилган IMEI-кодли янги мобил қурилма ҳисобланади ва IMEI-коднинг клонланганлиги аниқлангунига қадар абонент томонидан Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига келиб, мобил қурилма ҳужжатларини IMEI-код ҳамда абонент телефон рақами билан биргаликда (IMEI - MSISDN) тақдим этилади.

Боғланган оқ рўйхатдаги IMEI-кодли мобил қурилмалардан фақат абонентларнинг боғланган мобил рақамлари томонидан фойдаланалади (IMEI - MSISDN).

Тизим ушбу Низомнинг талабларига кўра мобил қурилмаларни рўйхатга олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган барча мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини яратиш, шунингдек, мобил қурилмалар IMEI-кодларининг оқ, кул ранг, қора, боғланган оқ рўйхатларини шакллантириш ва таъминлаш учун мўлжалланган.

IMEI-кодларни текшириш ва мобил қурилмаларни рўйхатга олиш билан боғлиқ барча жараёнлар Тизим ёрдамида амалга оширилади.

Импорт қилувчилар ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилмани харид қилишдан аввал lMEI-коднинг мақомини текшириш ва аниқланмаган, клонланган, йўқотилган ва ўғирланган мобил қурилмаларни аниқлаш учун IMEl-кодларнинг маълумотлар базасига SMS/USSD сўров юборишлари ёки www.uzimei.uz манзил бўйича Тизим операторининг сайтига мурожаат қилишлари мумкин.

Мобил қурилманинг IMEI-кодини рўйхатга олиш ва мақомини текшириш билан боғлиқ Тизим операторидан барча SMS-хабарлар ва абонентлардан SMS/USSD сўровлар бепул асосда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш мажбурий ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро роумингда бўлган мобил қурилмалар бундан мустасно.

Клонланган ва аниқланмаган IMEI-кодли мобил қурилмалар Тизимда рўйхатга олинмайди.

Мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимида рўйхатга олиниши керак бўлган мобил қурилмалар турларининг рўйхати ушбу Низомга 1-иловада берилади.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш кўрсатилган талабларга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига қилган мурожаатлари бўйича амалга оширилади.

Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.

Давлат томонидан қўриқланиши керак бўлган шахсларнинг хавфсизлиги, мамлакатда мудофаа қобилияти, хавфсизлик ва ички тартибни таъминлаш ва фавқулодда вазиятлар ҳолатида эҳтиёжларни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш ваколатли органларнинг тегишли мурожаатлари бўйича алоҳида тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига/ҳудудида импорт қилувчилар томонидан олиб кириладиган ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш схема бўйича амалга оширилади.

Экспорт қилиш учун ишлаб чиқарилган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатга олинмайди.

Импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар мобил қурилмаларни рўйхатга олишни:

Тизим операторига ўзи келиб мурожаат этиш орқали;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширишлари мумкин.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудига/ҳудудида олиб кирилган/ишлаб чиқарилган мобил қурилмаларнинг маркаси, модели, сони ва IMEI-кодлари кўрсатилган ҳолда, тегишли равишда ариза берувчининг турига қараб, шаклга мувофиқ тўлдирилган анкетани тақдим этади.

Импорт қилувчилар анкетада олиб кирилган қурилмалар тўплами учун юк божхона декларациясининг (ЮБД) рақами ва санасини кўрсатади. Агар импорт қилувчи томонидан анкетада кўрсатилган ахборот ЮБДда акс эттирилган ахборотга мос келмаса, қурилмаларнинг бутун тўплами рўйхатга олинмайди.

Бунда мобил қурилмаларнинг маркаси, модели, сони тўғрисидаги ахборот ва улар IMEI-кодларининг рўйхати ариза берувчилар томонидан электрон кўринишда тақдим этилади.

Рўйхатга олиш учун ўзи келиб мурожаат қилиш тартибида тўлдирилган анкета Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисининг масъул шахси томонидан қабул қилинади.

Масъул шахс томонидан ЯИДХП орқали электрон шаклда тақдим этилган мобил қурилмани рўйхатга олиш тўғрисидаги анкета унинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан қабул қилинади, шунингдек, рўйхат рақами берилган ҳолда автоматик равишда ЯИДХПда рўйхатга олинади.

Рўйхатга олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этиладиган мобил қурилмаларнинг сони чекланмаган.

Мавзуга оид