Ўзбекистон | 15:45 / 20.09.2019
36987
3 дақиқада ўқилади

«Human» хусусий бандлик агентлиги директорига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

16 сентябрь куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБга жамоавий ариза келиб тушди. Бу ҳақда ИИББ хабар бермоқда.

Жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишича, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган “Human” бандлик агентлиги” МЧЖ билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган. 

Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда “Human” бандлик агентлиги” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган.

Бироқ, аризачилардан ҳеч бири чет элда ишга жойлаштирилмаган. МЧЖ жабрланувчиларга пулларни қайтариб бермаганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг расмий сайтида хабар берганди.

Қайд этилишича, терговолди ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва прокуратураси томонидан ҳамкорликда олиб борилган. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу МЧЖ директори 29 ёшли Ш.Ф. жалб қилинди.

Юқоридаги аризачилардан ташқари, ҳозирги вақтда республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам аризачилар мурожаат қилишмоқда, дейилади хабарда.

“Агарда сиз ҳам ушбу агентлик ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу иш бўйича маълумотга эга бўлсангиз, 71-230-98-40 рақами орқали мурожаат қилинг”, - дея якунланган ИИББ маълумоти.

Меҳнат вазирлиги «Human» хусусий бандлик агентлигига берилган лицензияни вақтинчалик тўхтатди 

Мавзуга оид