Ўзбекистон | 16:40 / 20.09.2019
29376
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сайлов кампаниясига старт берилди

Бугун, 20 сентябрь кунидан Ўзбекистонда парламент сайловлари кампаниясига старт берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги мажлисида Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. 

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Тадбирда таъкидланишича, бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар – «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.

«Сайлов кодексига биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.

Вилоятларда ҳудудий бўлинмалари ҳам иш бошлаган Халқаро матбуот марказида Сайловчиларга тезкор ахборот бериш маркази (Call-center) фаолияти йўлга қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республика ҳудуди бўйлаб абонентлардан марказга чиқувчи бепул қўнғироқлар амалга ошириладиган кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоҳида алоқа линияси ажратади ҳамда унинг узлуксиз ишлашини таъминлайди», дейилади Марказий сайлов комиссияси маълумотида.

Бу йилги сайловда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилган. Бу сайловчиларнинг тенг ҳуқуқлигини кўрсатади. 

Олдиндан овоз бериш жараёни сайлов кунидан 10 кун олдин бошланиб, 3 кун кейин тугайди.

Сайловлар эрталабки соат 8:00дан бошланиб, кечки соат 20:00гача давом этади.

Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Мавзуга оид