Ўзбекистон | 18:40 / 27.09.2019
40572
10 дақиқада ўқилади

Ботир Қудратхўжаев: «Нореал қарздорлик бор, аммо у МИБ туфайли келиб чиқмаган»

Шиддатли ахборот даврида яшаяпмиз. Нафақат қайсидир шахслар, мансабдорлар, балки бутун ташкилотлар ҳам ўз фаолияти билан тез-тез омма эътиборига тушади, баҳс-у мунозараларга сабаб бўлади. Ана шундай ташкилотлардан бири Мажбурий ижро бюросидир. Ҳафтанинг бирор куни, ойнинг бирор ҳафтаси йўқки, бу бюро фаолиятига оид хабарлар эълон қилинмаса. Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, бюро фаолияти билан яқиндан танишиш, тўпланиб қолган саволларга жавоб олиш мақсадида МИБ директори Ботир Қудратхўжаев билан суҳбатда бўлдик.

– Бюрога эътирозларнинг аксарияти истеъмолчилардан талаб қилинаётган нореал қарздорликлари билан боғлиқ.

– Нореал қарздорлик – асосcиз қарздорликнинг келиб чиқиши Бюро органлари ташкил этилиши билан боғлиқ эмас. Ушбу ҳолатлар Бюро фаолияти даврида кўпроқ юзага чиқди. Масалага чуқурроқ ёндашилса, бундай қарздорликлар муқаддам истеъмолчи корхоналар томонидан фойдаланилган ресурсларнинг истеъмолчиларга йиллар давомида ҳисобланиб келиниши оқибатида юзага келган.

Бу қарздорлик ўзи қаердан келиб чиққани кўпчиликни қизиқтиради.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмаслиги, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-торож қилиниши, энергия ресурслари ва сувнинг истеъмолчиларга етказиб берилишидаги табиий йўқотишларнинг истеъмолчилар зиммасига қарздорлик сифатида қўйилиши бунга асосий сабаб бўлган.

Яна ҳам соддароқ қилиб айтаман, бирорта хонадон ёки корхона ташкилотда фойдаланган табиий ресурслар учун тўлов амалга оширилмаган ва бунинг эвазига қарздорлик юзага келгани ҳақидаги маълумот рўйхат асосида таъминотчи корхоналардан Бюро органларига келиб тушади.

Шу маълумот асосида Бюронинг давлат инспекторлари қарздорнинг манзилига чиқади. Мақсад эса қарздорликни ундириш! Истеъмолчи манзилига борилганда маълум бўладики, у ердаги ҳисоблагичдаги кўрсаткич давлат инспектори қўлидаги маълумотдан кескин фарқ қилади.

Мана шу жараёнда асосий тафовут юзага келади ва Бюро ходимларига кўплаб эътирозлар бўлади.

Демак, нима қилиш керак, қандай йўл тутмоқ лозим, деган савол туғилади.

Бундай ҳолатда истеъмолчи давлат инспектори вазиятни тушунтириб, тўлов ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим ва ҳудудий бўлим ёки бошқарма номига мурожаат қилиши зарур. Ўз навбатида Бюро масъул ходимлари ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун қайта ҳисоб-китобни амалга ошириб истеъмолчи манзилида хатлов ўтказади, ортиқча бўлган қарздорликни олиб ташлаб, базага ҳаққоний қарздорликни киритиш чораларини кўради.

Бюро органлари томонидан бу каби салбий ҳолатлар олдини олиш юзасидан 2018 йилда тасдиқланган энергия ресурслари истеъмолчиларини тўлиқ кўрикдан ўтказиш ҳақидаги Республика миқёсидаги қўшма кўрсатмага асосан, жойларда Ишчи гуруҳлар тузилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллалардаги барча хонадонлар кўрикдан ўтказилиши, кўрик жараёнида истеъмолчи хонадонидаги ҳисоблагич кўрсатгичлари, давлат инспектори қўлидаги қарздорлик рўйхатидаги қарздорлик суммаси ва хонадон эгаси томонидан тақдим қилинган тўлов квитанциялари билан солиштирилади, реал қарздорлик мавжуд бўлса ушбу қарздорликни бартараф этиш юзасидан талабномалар берилмоқда

Аксинча, қарздорлик мавжуд бўлмаса, давлат инспекторидаги рўйхатда кўрсатилган сумма нореал қарздорлик деб топилиб, тегишли тартибда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан далолатнома расмийлаштирилган ва ушбу нореал қарздорлик суммасини истеъмолчи ҳисобидан олиб ташлаш чоралари кўрилмоқда.

Бюро органлари фаолиятини бошлагандан ҳозирга қадар 1 трлн. 34 млрд. сўмлик нореал қарздорлик аниқланди ва 146та жиноят иши қўзғатилди.

Хатлов тадбирлари ҳозирда ҳам давом эттирилмоқда.

– Сўнгги пайтларда янги жорий қилинаётган электр ҳисоблагичлар «жуда кўп ёзиб юбораётгани» ҳақида фикрлар билдирилмоқда. МИБ бу масалага изоҳ бера оладими?

– Давлат раҳбарининг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан жойларда истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимига уланиш жараёнлари бошланди.

Ҳозирда Бюро таъминотчи корхоналар билан республикамизда 1 млн. 278 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларига электрон ҳисоблагичлар ўрнатиб, автоматлаштирилган тизимга уланишга амалий ёрдам кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг 23.11.2018 йилдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Мажбурий ижро бюроси томонидан «Ўзбекэнерго» АЖга беғараз равишда 500 миллиард сўм ажратилди.

Бу тизим инсон омилидан холи бўлгани ҳолда, истеъмолчи ва электр тармоқлари ўртасидаги ҳисоб-китоб механизмини янада такомиллаштиради, истеъмолчининг ҳушёрлигини янада оширади, тўловларни ўз вақтида тўлаш билан бирга тармоқдан ноқонуний уланишлар олдини олиш каби асосий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

– Яхши биламизки, Мажбурий ижро бюроси ташкил топиши билан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари, айниқса интернет ижтимоий тармоқлари эътиборида бўлди. Лекин уларнинг аксарияти негатив характерда. Савол туғилади – нега?

– Фаолиятимиз ҳақида расмий сайтлар ва ижтимоий тармоқларда маълумот ва хабарлар ёритиб борилмоқда. Биз тарқатилаётган ҳар бир хабар ва маълумотни таҳлил қилиб, унга объектив баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

Аксарият ҳолларда, Бюро фаолиятига доир маълумотларни жойлаштиришда ҳар доим ҳам объектив баҳо берилмаяпти, ёки айрим шахс ёки гуруҳлар манфаати учун, бир томонлама ёндашилиб, амалдаги қонунчилик талаблари инобатга олинмаяпти.

Мисол учун, сўнгги 8 ой ичида 70дан ортиқ ана шундай хабарлар тарқатилди.

Ҳар бир хабарга ҳуқуқий баҳо берамиз, агар истеъмолчи ноҳақ бўлса бу ҳақда тушунтириш берамиз, хабар объектив ёндашилмаган бўлса, оммавий ахборот воситалари ва журналистларга расмий муносабатимиз ёки раддиямизни билдирамиз.

Агар ходимнинг хатоси ёки айби бўлса унга ҳам муросасиз муносабат билдирамиз ва қатъий чора кўрилади.

Ачинарлиси, тўлов қобилияти эга бўлган айрим фуқаролар, қарздорликни бартараф этиш ўрнига, ижтимоий тармоқлар орқали Бюро фаолияти ҳақида нотўғри хабарларни жойлаштиришга ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

Бюро фаолиятига оид ҳар қандай масала бўйича фуқароларимиз учун қисқа «1107» рақамли ишонч телефони кун-у тун ишлаб турибди, ҳар бир мурожаат назоратга олинган ҳолда, ўрганиб қонуний баҳо берилади, ўз навбатида амалий ёрдам ҳам кўрсатиб муаммоларни ҳам ҳал этиш бўйича чораларни кўрамиз.

Бу борада, истеъмолчиларни энергия ресурсларидан фойдаланишга оид шартнома мажбуриятлари ва тўлов интизомига риоя қилишга ундаган бўлар эдик.

Мажбурий ижро бюроси фаолиятига оид ҳар қандай қизиқтирган маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш ва бу борада ҳамкорлик қилиш тарафдори.

Бюро ходимлари томонидан жамоатчилик ва аҳоли ўртасида 144 978та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлса, шундан 21 170таси оммавий ахборот воситаларида амалга оширилди.

Тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали қарздорликни камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби вазифаларини бажариш Бюро ходимларига осон кечмаяпти.

Иш ҳажмининг кўплиги ва оғир шароитда ишлашни ҳоҳламаган 5700дан ортиқ яқин ходимлар ўз хоҳиши билан ишдан бўшатилган.

Биргина, ўтган 8 ой давомида Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 90та ҳолат аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилди.

Бундай ҳолатлар фуқароларимизнинг Бюро ходимининг ҳаракати ёки қонуний талабини бажариш ўрнига, вазиятни ўз томонига оғдириш учун қаршилик кўрсатиши сабабли юзага келмоқда.

Бюро ташкил этилгандан буён 4 нафар ходим ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этган, 150дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.

– Аммо Бюронинг барча ходимларини ҳам ҳалол ишлаяпти деб бўлмайди. Коррупция ҳолатлари тўғрисида хабарлар чиқиб турибди.

– Албатта, Бюро органларида ходимлар томонидан содир этилаётган коррупция ва ножўя хатти-ҳаракатлар учраб турибди. Бюро ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, тамагирлик ва пора олиш ҳолатларини содир этган ходимларга ҳам муросасиз муносабатда бўлмоқда. Ўтган 8 ой давомида ходимлар томонидан 19та ҳолат аниқланди. Шу билан бирга, ходимларнинг касбий малакасини ошириш ҳамда маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш профилактик ва тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.

– Бугунги фаолиятингиздаги йирик муаммо нимада деб ўйлайсиз?

– Бюро фаолиятида асосий муаммолардан бири энергия ресурслари ва сув таъминоти соҳасида ундирувларни амалга оширишда аҳоли истеъмолчилар билан боғлиқ бўлмоқда.

Яъни, биз тўлов қобилиятига эга бўла туриб, қарздорликни тўлашга келганда пайсалга соладиган, баъзи ҳолларда ходимларнинг ҳаракатига тўсқинлик қиладиган айрим истеъмолчиларни назарда тутмоқдамиз.

Шуни инобатга олиб, Республика бўйича (9019та) 1924та интизомсиз маҳаллалар рўйхати шакллантирилди ва Бюро томонидан сектор раҳбарлари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда телевидение вакилларини жалб қилган ҳолда профилактик тадбирлар ўтказишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Биз белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали энергетика соҳасини модернизациялаш, ички инфратузилма ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кўтаришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур деб ҳисоблайман.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди, тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид