Жамият | 09:06 / 27.09.2019
15420
2 дақиқада ўқилади

Навоий шаҳрида «Нексия» автомобили ёниб кетди

Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати

2019 йилнинг 26 сентябрь куни соат 12:34да Навоий шаҳар Тинчлик қўрғони С.Айний кўчасида турган “Темир йўл транспорт бошқармаси” МЧЖга қарашли “NEXIA” русумли автомобилида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотига кўра, хабар асосида воқеа жойига иккита ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар чақирилган манзилга уч дақиқада етиб борган ва ёнғин соат 12:39 да қуршаб олиниб, соат 12:42 да тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида “NEXIA” русумли автомобили тўлиқ ёнган.

Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаби юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилганда, автомобилда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи ёқилғи ҳидини сезиб, автомобилни йўл четида тўхтатганлиги ва қайтадан ўт олдирган вақтида аланга юзага келгани ҳамда ёнғин ўчириш бўлинмалари етиб келган вақтда автомобилга ўрнатилган 65 литр сиғимдаги пропан газ баллони ёнғин оқибатида ёрилгани маълум бўлган.

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Мавзуга оид