Ўзбекистон | 21:27 / 27.09.2019
81011
3 дақиқада ўқилади

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари ишдан бўшатилди

Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов лавозимидан озод этилди. Бу маълумот Kun.uz’нинг бир неча манбалари томонидан тасдиқланди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар прокурори томонидан ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилган, тақдимнома кўриб чиқилиши натижасига кўра Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Қўшимча қилинишича, бошқа ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қўшимча текшириш ҳаракатлари давом этмоқда. Яъни, Бош прокуратура шаҳар прокуратурасининг жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ваҳобовнинг ишдан олингани тўғрисидаги маълумотни рад этди ва бу ҳақда тарқалган хабарларни миш-миш деб атади. Аввалига ҳокимликнинг телеграмдаги каналида бу ҳақдаги хабарларга раддия берилди, кўп вақт ўтмасдан бу маълумот ўчириб юборилди.

Эслатиб ўтамиз, Абдурасул Ваҳобов жорий йилнинг 14 август куни Kun.uz таҳририяти ходимларига таҳдид қилган эди. Орадан бир кун ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан А.Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилинди ва унда ҳоким ўринбосари Kun.uz мухбири Раҳматилло Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф этгани ҳақидаги даъвони илгари сурди.

Унинг мазкур даъвосидан сўнг Kun.uz зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказган, мухбир Р.Исроилов ўзига нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловларни рад этган эди. Шунингдек, Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганди.

Бироз олдинроқ, Тошкент шаҳар прокуратураси Олмазор туман ҳокими ўринбосарига жиноят иши қўзғатишни рад этгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид