Жамият | 15:10 / 03.10.2019
110940
6 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходимлари пахтага бормайдими?

Сўнгги кунларда виртуал оламда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири ички ишлар ходимларининг пахта йиғим-теримига жалб қилиниши ва уларнинг норозиликлари акс этган видеолавҳалар бўлди. Муҳокамаларда ҳар доимгидек турли-туман фикрлар билдирилди.

Видеолавҳаларнинг барчаси мазмунан бир хил. Улардан бирида саф тортиб турган ички ишлар ходимларига юқори мартабали шахс пахтага сафарбарлик эълон қилади. Одатда буйруқларни жим туриб эшитадиган ва сўзсиз амал қиладиган ички ишлар ходимлари эътироз билдира бошлайдилар (таъкидлаш жоиз, айрим овозлар лавҳага монтаж қилингани ҳақида ҳам тахмин мавжуд, аммо бу бўйича экспертиза ўтказилмаган, расмий хулоса билдирилмаган).

Иккинчисида тор йўлакда кўплаб ходимларнинг ғала-ғовур қилиб юришгани, навбати билан пахтага жўнатишдан норозилик билдиришларини кўриш мумкин.

Учинчи видеолавҳада эса вазирликнинг малака ошириш маркази ҳовлисидаги чим устида тўпланиб олган ички ишлар ходимлари мажбурий меҳнатга барҳам беришни сўрашади, пахтага боришга тайёр эмасликлари, уларнинг маошидан 800 минг сўм овқат пули ушлаб қолинаётгани, қишгача теримда юриш талаб қилинаётгани ҳақида сўзлашади.

Таъкидлаш жоиз, бу видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, аммо изоҳ қолдирувчиларнинг аксарияти ички ишлар ходимларининг бу норозиликларини қоралаган. Аксарият фикр билдирувчилар узоқ йиллар давомида шифокорлар, ўқитувчилар ва бюджетнинг бошқа вакиллари пахта теримига жалб қилинганларида индамай юрган, аксинча, назоратчи вазифасини ўтаб берган ички ишлар ходимларининг ўзлари энди бундай талаб олдида эътироз билдираётганларини қабул қила олишмаган.

Қонунчилик нуқтаи-назаридан бу ходимларнинг талаби тўғрилигига шубҳа йўқ. Ўзбекистонда сўнгги йилларда мажбурий меҳнатга қарши кескин кураш кетмоқда. Айниқса, пахта йиғим терими даврида бюджет ходимларини жалб қилмаслик бўйича қатор қарорлар қабул қилинган.  

Бугун, 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси масала бўйича расмий баёнот берди.

«Кейинги кунларда ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг тингловчилари пахта йиғим-теримига жалб этилишидан норозилиги ҳақидаги видеолавҳалар интернет ижтимоий тармоқларида тарқалди.

Мазкур видеолавҳалар ўқув марказларига жорий йилнинг 11 сентябридан бошлаб, бир ойлик малака ошириш ўқув йиғинига келган айрим тингловчилар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилган.

Ушбу қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирор топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади.

Тарқатилган видеолавҳаларда тингловчилар ўқув масканлари ҳудудида эканлиги ва пахта терими билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай ҳолатлар акс эттирилмаганлиги кўриниб турибди. Бундан ташқари, ушбу лавҳалар айрим тингловчиларнинг асосланмаган фикрларига кўра атайин тайёрланиб, ички ишлар органларини обрўсизлантириш, ходимлар шаънига путур етказиш мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилганини англаш қийин эмас.

Айни пайтда ўқув марказларида юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ички суриштирув ишлари ўтказилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари учун ҳар қандай ҳолатда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда, энг аввало, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилиш олий бурч ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимлари бошқа тадбирлар қаторида пахта йиғим-терим мавсумида жамоат тартибини сақлаш, пахта ҳосилининг нес-нобуд бўлиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, теримга жалб этилган ҳашарчиларни ташиш вақтида хавфсизликни таъминлаш ва бошқа оммавий тадбирларда амалдаги низом ва буйруқлар асосида фаол иштирок этишмоқда.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати турли ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан тасдиқланмаган ахборотларга ишониб, ортиқча эҳтиросларга берилмасдан, вазирликнинг расмий маълумотларига таянган ҳолда фикр юритишларини сўрайди.

Ижтимоий тармоқлардаги ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай хабар ёки маълумотлар бўйича вазирликнинг ваколатли органлари томонидан расмий муносабат билдириб борилади», дейилади вазирлик хабарида.

Биз ички ишлар тизимида кўп йиллар ишлаган, раҳбарият структурасига кирмаган ходимлар билан мавзу юзасидан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарияти изоҳ беришдан бош тортишди. Ўз фикрларини билдирганлар ҳам шахси сир қолишини шарт қилиб қўйишди.

«Пахта бошланиши билан ички ишлар ҳам «усиленний» режимга ўтади. Бу азалдан шундай бўлган. Ходимларнинг кўпчилиги теримга жўнатилади. Улар одатда пахта теришмайди, тартибни назорат қилишади. Терадиганларининг кўпи ҳам нормани бажара олмайди, ё сотиб олади, ё амаллаб гап теккизмайдиган қилади» - деди айни пайтда нафақада бўлган милиция зобити.

«Курсантлар ҳар доим пахта теришган. Бизда кунлик нормани бажариш шарт, бошқача бўлмайди. Малака оширишга келганлар ўзларидан (ўз иш ҳудудларидан-таҳр.) чиқишарди, энди огоҳлантирмай олиб кетамиз дейишганига норози бўлишгандир-да. Лекин биздан ҳам кўпчилик кетган, Сирдарёга, Жиззахга, вилоятга (Тошкент вилояти-таҳр.) боришди шекилли. Бир ҳисобдан пахтаям яхши, бир икки ой тоза ҳавода дам олиб келишади. Бу ерда иш оғир», – дея фикр билдирди айни пайтда туман бўлимида ишлаётган ходим.

Маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳар ИИББнинг айрим ёш ходимлари ҳам жойларга пахта теримига жалб қилинган. Аммо бошқарманинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бундай хабарларни рад этди.

Мавзуга оид