Жаҳон | 20:30 / 06.10.2019
7532
2 дақиқада ўқилади

Олимлар термик ишланмаган сабзавотлар зиёнини аниқлашди

АҚШнинг Гарвард университети олимлари гуруҳи хом, яъни термик ишловдан ўтмаган сабзавотлар ичакка қандай таъсир қилишини аниқлашди. Олимларнинг хулосалари Nature Microbiology нашрида келтирилган.

Олимлар ўз тадқиқотлари давомида термик ишлов қилинмаган сабзавотлар овқат ҳазм қилишга бир қатор салбий таъсирларга эгалигини аниқлашди. Бундай сабзавотлар овқат ҳазм қилишга ва иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи фойдали бактерияларни йўқ қилар экан.

Олимлар ўз тадқиқотларини лаборатория сичқонларида ўтказишган. Сичқонлар ҳар бири ўз рационига эга бўлган 4 гуруҳга бўлинган. Дастлабки иккита гуруҳда сичқонлар хом гўшт ва ширин картошка еган. 3- ва 4-гуруҳ сичқонларига шу маҳсулотлар қайнатилган, қовурилган ёки димланган ҳолда берилган.

Тажриба натижаларига кўра, турли усулда тайёрланган сабзавотлар билан озиқаланган сичқонларда микрофлора кучли фарқ қилган, чунки хом маҳсулотлар ичакдаги фойдали бактерияларни ўлдирган, термик ишлов берилганлари эса, аксинча, овқат ҳазм қилишга ёрдам берган.

Сўнгра олимлар шу тажрибани одамларда ўтказишган. Бунда ҳам хом сабзавотлар таъсири сичқонлардаги каби бўлган.

Олимлар бундан хом сабзавотлар ичакдаги фойдали бактерияларни ўлдириши, термик ишланганлари эса акс таъсирга эга бўлиб, ичак микрофлорасига ижобий таъсир қилиши ҳақидаги хулосага келишган.

Аввалроқ инсон организми ғоз, ўрдак, қўй ва чўчқа гўштини қийинроқ ўзлаштириши, бироқ кўп нарса гўштни тайёрлаш ва уни истеъмол қилиш частотасига боғлиқлиги маълум қилинганди. Аниқланишича, сабзавотлар билан истеъмол қилинган гўшт яхши ҳазм қилинади, кабобда эса тутун зарралари ва канцероген моддалар бўлади.

Мавзуга оид