Ўзбекистон | 20:40 / 08.10.2019
77615
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳрининг янги ҳокими лавозимга расман тасдиқланди

Бугун, 8 октябрь куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Кун тартибига ташкилий масала - шаҳар ҳокимини тайинлаш масаласи қўйилди. Сессияда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов маъруза қилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, сессияда ҳозирда Андижон шаҳар ҳокими вазифасини вақтинчалик бажариб турган Баҳромжон Носирбоевич Ҳайдаров шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилдан буён Андижон шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Дилмурод Раҳматуллаев 2019 йил август ойи охирида лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Баҳромжон Ҳайдаров вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида тайинланганди.

Баҳромжон Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган, 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини (сиртқи), 1998 йил Ўзбекистон Банк-молия академиясини (кундузги) тамомлаган.

1994 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги молия бошқармасида иш бошлаган Баҳромжон Ҳайдаров 2017-2019 йилларда бошқарма бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид