Ўзбекистон | 14:39 / 14.10.2019
7144
3 дақиқада ўқилади

Карантин остидаги қандай маҳсулотлар республика ҳудудига киритилмагани айтилди

Фото: РИА Новости, Самвел Сепетчян

Амалдаги қонунчилигига мувофиқ, экспортга жўнатилаётган ҳамда республикага импорт қилинаётган ўсимлик маҳсулотларини карантин текширувидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси зиммасига юклатилган.

2019 йилнинг сўнгги 8 ойи, яъни январь-август ойлари давомида республикадан экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан мавжуд бўлган карантин организмлари бошқа давлатларга ўтиб тарқалиши ёки хориждан импорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотлардаги зарарли организмлар республика ҳудудида тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

«Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати хабарига кўра, 323 тонна (шундан 235 тоннаси қўл юки, 88 тоннаси транспорт воситалари орқали), 10,25 млн. дона (шундан 41 минг донаси қўл юки, 10,21 миллион донаси транспорт воситалари орқали) ва 1317 м.куб миқдорида транспорт воситалари орқали республикага олиб кирилаётган ўсимлик маҳсулотларида зарарли организмлар аниқланганлиги сабабли чегара масканларидан қайтариб юборилди. Қайтариб юборишнинг имкони бўлмаган 3,1 млн. дона зарарланган кўчатлар эса ёқиш йўли билан тегишли тартибда йўқ қилинди.

Шунингдек, хориждан республикага импорт қилиниши режалаштирилган 72 тонна картошка юк эгалари томонидан тегишли ҳужжатлар қалбакилаштирилгани аниқланиб, чегарадан ўтказилмади. Шу билан бирга, 6 500 тонна миқдоридаги уруғлик картошка ўсимликлар карантини бўйича мутахассислар томонидан фитосанитар ҳолатни ўрганиш чоғида экспорт қилувчи давлатнинг ўзида қониқарсиз деб баҳоланди ва мамлакатга импорт қилинишига йўл қўйилмади.

Республикадан чет давлатларга чиқарилаётган 63,5 тонна (14,5 тоннаси қўл юки, 49 тоннаси транспорт воситалари орқали) ва 7 минг дона (5 минг донаси қўл юки, 2 минг донаси транспорт воситалари орқали) карантин остидаги маҳсулотлар фитосанитар талабларга жавоб бермаганлиги сабабли экспорт қилинишига йўл қўйилмади ва уларга нисбатан карантин тадбирлари амалга оширилиб, белгиланган тартибда ички бозорга чиқарилди.

Тадбиркорлар фаолиятида юқоридаги каби ҳолатлар содир бўлмаслиги учун қуйидагиларга амал қилиши тавсия этилади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари зарарли организмлардан ҳоли ҳудудларда етиштирилиши;

экин ҳудудлари карантин инспекторлари назоратидан ўтказиб борилиши;

экспорт қилинадиган маҳсулотлар фитосанитар талабларга тўлиқ мувофиқ келиши;

экспортга йўналтирилган карантин остидаги маҳсулотларни транспорт бирликларига юклашдан олдин «Ўздавкарантин» инспекциясининг ҳудудлардаги инспекторларига мурожаат қилиниши.

Мавзуга оид