Жаҳон | 16:11 / 16.10.2019
70352
5 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин оқ отда Пэктусан тоғига кўтарилди: Бу Ғарб учун сигналми?

Биринчи қор ёғиши билан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин оқ от миниб мамлакатнинг энг юқори нуқтасига - корейслар муқаддас санайдиган Пэктусан тоғига кўтарилди. Марказий телеграф агентлиги давлат раҳбари пальто кийиб от устида кетаётган суратларни тарқатди.

«Бу бизнинг инқилобий тарихимизда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим воқеа. Бу кўтарилиш букилмас иродаси билан ватанимизни улкан кучга эга қудратли давлатларга қарши курашга бошлаб бораётган ўртоқ Ким Чен Иннинг афсонавий жасоратини ифодалайди», дейилади хабарда.

Тарқалган суратларда КХДР раҳбари қорга бурканган Пэктусан тоғлари орасида кетаётгани тасвирланган. У тоққа кўтарилиш чоғида АҚШ томонидан қўлланган санкцияларни танқид қилган.

«Мамлакатдаги вазият бекор қилинмаган санкциялар ва душман кучлари босими туфайли оғирлашмоқда, биз кўп синовлар ва қийинчиликларга қарши туришимиз керак бўлади. АҚШ раҳбарлигидаги душманлар корейс халқига берган оғриқлар ғазабга айланади», — дея Шимолий Корея раҳбари сўзларини келтирган Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» агентлиги.

Ким Чен Ин одатда мамлакат ёки ўзи учун муҳим паллаларда тоғ юқорисига кўтарилади.

Экспертлар КХДР етакчисининг бу сафарги Пэктусанга чиқиши ҳам Ғарб мамлакатлари ва ўз иттифоқчилари учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.

«Айтишларича, Ким Чен Ин бу сафар узоқ радиусли ракеталар ва ядро қуроли синови ўтказишдан тийили ҳақидаги ваъдасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Ҳозир АҚШ билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, Дональд Трампни ҳам ҳозирда Американинг ички сиёсати ва бошқа халқаро масалалар кўпроқ ташвишга солмоқда», дейди Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Лаура Бикер.

У ОАВда «бутун дунёни ҳайратланишга мажбур қиладиган катта амалиёт» ўтказишга ҳаракат қилиниши тўғрисида хабарлар тарқалганига эътибор қаратган.

«Эҳтимол, Шимолий Корея раҳбари тоғнинг тиниқ ҳавоси унга Трамп маъмурияти эътиборини ўзига қаратиш учун янги воситалар ўйлаб топишга ёрдам беришидан умид қилаётгандир?

Пхеньян АҚШга ядровий қуролдан холи бўлиш бўйича музокараларни якунлаш учун йил охирига қадар муҳлат берган. Бунгача Ким Чен Ин бир неча марта Пхеньян ядро дастурини сусайтириш борасидаги ҳаракатларни амалга ошираётгани туфайли санкцияларни тўхтатишни талаб қилганди, аммо у Вашингтонни ишонтира олмаганди. Балки Ким Чен Ин Ғарбга босим ўтказиш учун бир неча ракета учириш керак деб ҳисоблаётгандир? Ўйлайманки, унинг тоққа чиқиши сабабини яқин вақтлар ичида билиб оламиз», дея қўшимча қилган Лаура Бикер.

2017 йилда Ким Чен Ин миллатга янги йил табригидан (унда Жанубий Корея билан муносабатлар яхшиланишига ишора қилинганди) бироз муддат олдин тоғ юқорисига чиққанди. 

Ким Чен Ин ўз бошқаруви даврида Пэктусанга камида уч марта кўтарилган. 2018 йилда у чўққига Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин билан бирга чиққан.

«Муқаддас инқилоб тоғи»

Ким Чен Ин Пэктусан чўққисида. 2017 йил / REUTERS

Октябрь ойи бошида АҚШ ва КХДР вакиллари ўртасида музокаралар ўтказилганди. Бу Ким Чен Ин ва Дональд Трампнинг КХДР ва Жанубий Корея чегарасида шу йил июнида ўтказилган учрашувдан кейингиилк музокара бўлди. Ўшанда КХДР Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида ишлар бўйича элчиси Ким Мён Гиль америкаликлар билан музокаралар Пхеняннинг умидларини оқламагани, якунда музокаралар барбод бўлгани ҳақида маълум қилганди.

АҚШ эса, аксинча, Швецияда америкаликлар ва шимолий кореяликлар делегацияси синчковлик билан муҳокама ўтказишгани ҳақида айтганди.

Музокаралардан олдин Шимолий Корея янги типдаги баллистик ракета синовини ўтказганди - бу йил бошидан буён ҳисоб бўйича 11-синов бўлганди.

Пэктусан — Корея яриморолидаги энг юқори нуқта (2744 метр) бўлиб, КХДР ва Хитой ўртасидаги чегара ҳудудда жойлашган. КХДР гербида ҳам бу тоғ тасвири мавжуд. Кореяликлар бу тоғни муқаддас ҳисоблашади: афсонага кўра, тўрт минг йил муқаддам бу тоғдан қадимги корейс давлати Чосон асосчиси Хванун тушиб келган. Бундан ташқари, КХДРнинг расмий тарихшунослигига кўра, Иккинчи жаҳон уруши вақтида Пэктусан тоғида КХДР давлати асосчиси Ким Ир Сен раҳбарлигидаги партизанлар лагери жойлашган эди. Бу лагерда 1941 йил февралида унинг ўғли ва вориси Ким Чен Ир ҳам туғилган.

Мавзуга оид