Ўзбекистон | 11:00 / 20.10.2019
9904
2 дақиқада ўқилади

Улуғбек Рўзиқулов Вьетнам президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Қароргоҳи Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлган Ўзбекистоннинг Вьетнамдаги элчиси Улуғбек Рўзиқулов 16 октябрь, чоршанба куни Вьетнам президенти Нгуен Фу Чонгга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги муносабатларни икки томонлама жиҳатдан ва кўп томонлама форматларда янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди», дейилади ТИВ хабарида.

Вьетнам раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг комплекс ривожланишига, балки бутун минтақада ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига ҳам хизмат қилишини қайд этган.

Нгуен Фу Чонг савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмининг ошаётганини, қишлоқ хўжалиги ва аквамаданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг ривожланаётганлигини мамнуният билан эътироф этган.

«Шу билан бирга, президент Нгуеннинг фикрича, Ханой шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган икки томонлама ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ҳамкорликнинг янада кўпроқ янги йўналишларини очади», деб ёзади ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат сўнгида Вьетнам раҳбари Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига омад ва фаровонлик тилакларини етказиб қўйишни сўраган.

Улуғбек Рўзиқулов муқаддам Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари ва «Ўзавтосаноат» раҳбари сифатида фаолият юритган Улуғбек Рўзиқулов 2017-2018 йилларда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори бўлган, Ақтўбе фожиасидан сўнг, Рўзиқулов «Ўзбекистон ҳаво йўллари»​ МАК бош директорлигидан ва Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид