Амалдорларнинг асоссиз кулгига қолиши масаласига ечим таклиф қилинди
Ахборот хизматлари қошида мансабдорлар билдирган фикрлар ОАВда нотўғри талқин қилинишининг олдини олиш учун экспертлар гуруҳи тузилади.
Бош прокуратура академияси биносида «Прокуратура органларининг ОАВ билан алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов тадбирни очиб бериб, вилоят, туман ва шаҳар прокуратураларининг ахборот хизматлари фаолияти такомиллаштирилишини айтди.
«Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари кириб бормаган жабҳанинг ўзи йўқ. ОАВда чиқаётган материаллар доимий мониторинг қилиб борилади. Жорий йилнинг 9 ойида босма ва электрон оммавий ахборот воситалари томонидан 904та прокуратура органлари аралашуви талаб қилинадиган ҳолатлар аниқланган. Фуқаролар, тадбиркорлар бузилган ҳуқуқлари тикланиш бўйича ишлар қилинди. ОАВ бизга бу борада кўмакчи бўлмоқда.
Прокуратура органлари томонидан 9 ойда 90 240та қонунчилик тарғиботи бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилган. 76 673таси маъруза, суҳбатларни ташкил қилса, 13 567тасини оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ташкил этган.
Прокуратура органлари ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудлардаги, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги прокуратуралар ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштирмоқчимиз. Таклифлар ишлаб чиқяпмиз. Уларнинг алоҳида веб-сайтлари ва телеграм мессенжеридаги каналларини ташкил қилиш бўйича режаларимиз мавжуд.
Шунингдек, ОАВдаги хабарлар бўйича танқидий чиқишлар, муҳокамаларга тезкорлик билан муносабат билдириб борилади», – дея Ҳаёт Шамсутдиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Жавоҳир Қудратов ОАВда фикрлари нотўғри талқин қилинаётган мансабдорлар фикрини аҳолига тўлиқ ва содда тилда етказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Биз Европанинг ривожланган давлатлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. Мақсадимиз – давлат ташкилотларида фаолият юритадиган ахборот олиш хизматини кенг ва самарали йўлга қўйиш.
Биринчидан, давлат ташкилотларининг веб-сайтлари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш режалаштирилган. Иккинчидан, журналист ва блогерларга тезкор ахборот етказиш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Учинчидан, экспертлар ва профессионал журналистлар гуруҳини ташкил қилиш. Бундан асосий мақсад – ОАВда фикрлари нотўғри талқин қилинаётган мансабдорлар фикрини аҳолига тўлиқ ва содда тилда етказиш. Бу билан уларнинг жамоатчилик ўртасида кулгига қолишининг олдини олиш режа қилинган. Бу соҳада айниқса экспертлар ўрни муҳим ҳисобланади ва бу гуруҳ ташкилотларнинг ахборот хизматлари қошида тузилиши режалаштирилган», дейди АОКА бўлим бошлиғи.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими катта инспектори Ҳусан Тенгриев ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди.
«Бир оператив тадбирда қатнашган икки орган вакиллари турлича маълумот берган ҳоллар ҳам кузатилган. Бу – ўртада ҳамкорлик йўқлиги сабабли бўлмоқда. Давлат ташкилотлари ҳам ўзаро ҳамкорликни кучайтириши лозим.
Шунингдек, вилоятлардаги матбуот хизматлари марказий аппаратдаги иш жараёни билан бир хил суръатда ишлай олмаётган ҳоллар ҳам учраб турибди. Шу сабабли, ҳар бир давлат ташкилоти ўзининг вилоятлардаги матбуот ходимлари билан йилда бир марта конференция ўтказиб туриши йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди», – дейди у.
Йиғилишда Журналист ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси, доцент Олимжон Ўсаров ҳам сўзга чиқди ва соҳадаги қатор муаммоларни тилга олди.
«ОАВ бугун жамиятда яхши тенденцияни бошлади. Улар муаммоларни кўтариб, очиқдан-очиқ танқид қилмоқда. Лекин танқидлар ҳамма вақт ҳам натижа бераётгани йўқ. Гўёки, бу бир чиқиш каби материал сифатида қаралмоқда.
Шўролар даврида пайдо бўлган прокуратура органлари нисбатан одамлардаги қўрқув, ишончсизлик сақланиб қолмоқда. Халқ билан прокуратура органларининг ўзаро узвий мулоқоти қониқарли даражада дейишга ҳали вақтли. Фуқароларнинг онггидаги бу стереотипларни бартараф қилишда ОАВ яқиндан ёрдам бериши мумкин.
Журналистлар томонидан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси 3-бандида келтирилган норма ҳам қайта кўриб чиқилиши керак. Бунда айбсизлик презумпцияси ва тергов сири каби тушунчалар ҳисобга олиниши лозим», – дейди Олимжон Ўсаров.
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
16:46 / 26.08.2024