Иқтисодиёт | 15:50 / 21.10.2019
88517
6 дақиқада ўқилади

Сиёсатшунос: Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишидаги 5 салбий нуқта

Менинг назаримда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши, барча нуқталардан олиб қараганда, бугунги кунда ва жорий шароитларда, мақсадга мувофиқ эмас. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг бу иттифоққа кириши Россия Федерациясининг узоқ муддатли манфаатларига ҳам фойда келтирмайди, аксинча, зарар келтириш эҳтимоли катта.

Булар қайси нуқталар? 

Биринчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозирги шароитда анча мўрт ҳолатда. Пост-совет ҳудудининг аксар барча давлатлари «шок терапияси» даврини, қатъий хусусийлаштириш ва бозор муносабатларини шакллантиришни ўтган асрнинг 90-йилларида ва қисман нолинчи йилларда ўтган бўлса, бизда бу ислоҳотлар энди бошланяпти. Ислом Каримов эҳтиёткор сиёсатчи сифатида барча жараёнларни назорат қилиш йўлини танлаганди. 

Жумладан, валюта айирбошлаш ва нархлар сиёсатида ҳам. Натижада, Ўзбекистонда ижтимоий кайфиятни мувозанатда ушлаб туриш мақсадида чегаралар қаттиқ назорат қилинди. Товарлар оқими шундай ташкил қилиндики, биринчи галда Ўзбекистоннинг энг кам таъминланган аҳоли қатлами ҳам қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни бемалол истеъмол қилиши назарда тутилди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мустаҳкам оёққа турмади.

Агар бугун Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса ва бу интеграция доирасида ўз чегараларини очиб, товарлар оқимини эркинлаштирса, 33 миллион киши яшайдиган Ўзбекистонда ижтимоий кайфият ўзгариши мумкин. Агар ЕОИИга кириш натижасида Ўзбекистонда ижтимоий зўриқишлар бошланадиган бўлса, бундай ҳолат ташкилотнинг глобал репутациясига ҳам катта зарба бўлиши мумкин. Натижада, ташкилотнинг асосий легитимлиги йўқолади, бошқа аъзо давлатларда ҳам бу ташкилотга қарши кайфиятлар оммавий сиёсий талаблар даражасига кўтарилади ва баъзи ҳукуматлар ташкилотдан чиқиш хоҳишини «ижтимоий зўриқишлар» сабаб расмийлаштиришига йўл очилади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ЕОИИга аъзо давлатларга нисбатан заиф шаклланган. Россия, Қозоғистон ва Беларусь истиқодиёти, жон бошига улуши ва ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлиги билан Ўзбекистондан фарқланиб туради. Агар Ўзбекистон ЕОИИга қўшиладиган бўлса, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар рақобатни тўлалигича ушбу ташкилотга аъзо давлатларга ютқазиши мумкин. Йиллар давомида Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш, саноатлаштириш салоҳияти заифлашиб, йўқолиб боришидан хавотирлар бор.

Учинчидан, сўнгги беш йил давомида Россия ўзининг анча оғриқли геосиёсий ва иқтисодий даврини бошидан кечирмоқда. Бугунги кунда Россияга нисбатан халқаро ҳамжамият санкциялари мавжуд. Бу эса Россия иқтисодиётига салбий таъсир қилмоқда. Кейинги йилларда рублнинг қиймати икки марта қадрсизланди. 

ЕОИИ ичида мувозанат мавжуд эмас, бу ташкилот умумий салоҳиятининг 90 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Сиёсий қарорлар қабул қилиш ҳам, ахборот оқимлари ҳам шуни кўрсатадики, бу ташкилотнинг мақсади – Россия манфаатларини «парваришлаш»га қаратилган.

Ўзбекистонда 2016 йилда олий ҳокимият алмашар экан, Ўзбекистон Каримовдан мерос қолган «ташқи сиёсатдаги изоляционизм» ва «геосиёсий дихотомия» (бир томон билан яқинлашиш ва бошқа томонлар билан узоқлашиш) сиёсатидан воз кеча бошлади. Ўзбекистонда янги ҳокимиятнинг йиллар давомида тўпланиб қолган иқтисодий, сиёсий ва геосиёсий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида халқаро ҳамжамият билан эркин ва манфаатли ҳамкорлик қилишга эҳтиёжи ниҳоятда катта. 

Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши нафақат Ўзбекистоннинг ички ишларига, иқтисодий вазиятга ва ижтимоий кайфиятга салбий таъсир қилади, балки ташқи сиёсатида янги шакллана бошлаган мувозанатга ҳам салбий таъсир ўтказади деган хавотирлар кенг тарқалган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон шу пайтгача ЕОИИга кириш ўрнига бу ташкилот доирасидаги «Эркин савдо ҳудуди»га киришга аллақачон қизиқиш билдирган, ариза топширган. Эрон Ислом Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Куба ва бошқа кўплаб давлатлар ҳам бу борада музокаралар олиб бормоқда. Агар ЕОИИнинг мақсади – иқтисодий ҳамкорлик бўладиган бўлса ва унинг сиёсий ва геосиёсий мақсадлари бўлмаса, Ўзбекистоннинг эркин савдо ҳудудига қизиқиши инобатга олиниши ва қондирилиши барча тарафлар учун, ҳеч қандай муаммоларга йўл бермасдан, иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш имконини беради.

Бешинчидан, Ўзбекистонда 2016 йилда олий ҳокимият алмашгач, расмий Тошкентнинг Россия Федерацияси билан икки томонлама муносабатлари мутлақ ижобий томонга ўзгарди. Бугун икки давлатнинг иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар ҳамкорлиги ниҳоятда юқори даражада. Агар Ўзбекистон ЕОИИга қўшиладиган бўлса, бу Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиёсий кайфиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.

Масалан, агар Ўзбекистон ЕОИИга қўшилгач мамлакатдаги ижтимоий вазият тезда ижобий томонга ўзгармаса (тезда ижобий ўзгаришлар учун асос ҳам мавжуд эмас), 2-3 йил ичида Россияга қарши кайфиятлар кучайиши мумкин. Бугунги кунда ЕОИИга аъзо бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам Россияга нисбатан ижтимоий ишонч олдингига нисбатан пасайган. 

Узоқ муддатли вазиятда Ўзбекистонда Россияга қарши кайфиятдагилар сони ортиши на Ўзбекистоннинг ва на Россиянинг манфаатларига тўғри келади. Ўзбекистон яқин ўн йил ичида аҳоли сони бўйича пост-совет ҳудудидаги иккинчи давлатга айланади (Украина учинчи ўринга тушиши ҳисобига). Россия эса ўзининг геосиёсий лойиҳаларини деб Украина, Грузия ва Болтиқ бўйи давлатлари билан муносабатларини тарихий кўламда салбийлаштириб улгурган.

Расмий Москва Ўзбекистонда ҳам ижтимоий зўриқишлар ва бу билан боғлиқ Россияга қарши кайфиятлар урчиш хавфини инобатга олиб, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилиш борасидаги қарашларини қайта кўриб чиқиши, расмий Тошкентнинг ташкилот доирасидаги «Эркин иқтисодий ҳудуд»га қизиқишини инобатга олиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Камолиддин Раббимов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин

Мавзуга оид