Light | 14:00 / 28.10.2019
79734
10 дақиқада ўқилади

Аллақачон келажакда яшаётган 6 ақлли шаҳар

Бу ҳудудлардаги технологиялар тирбандликларда, чиқиндиларни утилизация қилишда ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам беради.

1. Нью-Йорк

Нью-Йоркда хавфсизликка катта эътибор қаратилади. Бутун шаҳар кузатув камералари ва ўқ овози эшитилиши заҳоти полицияга ишора юборувчи микрофонлар билан таъминланган. Шунингдек, бу ерда техниканинг муайян соҳасида янгилик ишлаб чиқувчи оддий мутахассислар фойдаланиши мумкин бўлган ягона очиқ маълумотлар тизими мавжуд. Масалан, унинг асосида HunchLab стартапи жиноятдан хабардор қилиш учун восита яратган. Тизим қайси ҳудудда ва қайси вақтда хавфли вазият юзага келиши мумкинлигини аниқлайди.

2014 йилда Нью-Йоркда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган Wi‑Fi тақдим этилди. Махсус LinkNYC терминаллари роутер вазифасини бажаради. Унинг ёрдамида интернет тармоғига уланиш, шунингдек, смартфонни қувватлантириш ёки ўрнатилган дисплейларда харитани кўриш мумкин.

LinkNYC терминали / crainsnewyork.com

Шаҳар электр тармоғини тежайди: автоматлаштирилган тизимлар кўчалардаги юкламани ўрганади ва олинган маълумотлар асосида ёритиш даражасини бошқаради. Шунга ўхшаш Midtown In Motion тизими тиғиз вақтлардаги йўлдаги светофорларни мослаштириш  учун тирбандликлар ҳақидаги ахборотлардан фойдаланади.

Нью-Йоркнинг чиқинди қутилари ҳам технологик. Улар BigBelly деб аталади ва қути тўлгани ҳақидаги ишорани коммунал хизматга юборувчи датчикларга эга.

Ақлли урналар / bigbelly.com

Шаҳар нафақат технологиялар, балки ижтимоий дастурлар ёрдамида ҳам ривож топиб бормоқда. Масалан улардан бири — Home-stat — уйсизларни ишга жойлаштиришга йўналтирилган. Дайди инсонни кўрган ҳар бир аҳоли вакили ижтимоий хизмат ходимларини чақириши мумкин. Улар ушбу бошпанасиз одамга мос келувчи иш ўрни ва бошпана топишга ҳаракат қилишади.

2. Лондон

Лондоннинг асосий муаммоларидан бири автомобиллар кўплигидир. Шаҳар бу муаммони жамоат транспортига инвестициялар, кундузги вақтда автоулов ҳаракатлангани учун қўшимча солиқ ва технологиялар ёрдамида бартараф этмоқда. Технологиялар қаторига ҳайдовчига бўш жой ҳақида илова орқали хабар берувчи ақлли автомобил тўхташ жойлари ва йўлнинг юкланганлик даражасидан келиб чиқиб нисбатан қулайроқ транспорт воситасини маслаҳат берувчи навигатор дастурини киритиш мумкин.

Ақлли автотураргоҳдаги датчик / urenio.org

Технологиялар Лондон меҳмонларини аэропортнинг ўзидан қарши олади: Ҳитроу терминалларининг биридан автомобиллар тўхташ жойигача Heathrow Pods автоматлаштирилган вагонлари қатнаб туради.

Аэропортдаги Heathrow Pods / afar.com

Шунингдек, Лондонда ягона очиқ маълумотлар омбори ишлайди — шаҳардаги ҳар қандай маълумотдан оддий аҳоли ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчилар ҳам бирдек фойдаланиши мумкин. Шу турдаги иловаларнинг миқдори ноаниқ, аммо 2017 йилда уларнинг сони 450тага етганди. Улар асосланган мақсадлар турфа хил: болаларни боғчага жойлашдаги навбатдан тортиб шаҳарнинг сиёсий ҳаётида иштирок этишгача.

3. Копенгаген

Дания пойтахтининг транспорт инфратузилмасида биринчи навбатда велосипедларга аҳамият қаратилган. Бу ерда яшил тўлқин ишлайди: тизим светофорларни велосипеддан фойдаланувчилар эрталаб ишга ва кечки пайт уйга боришдаги йўлда кутиб қолмасликлари учун мослаштириб боради. Велосипедчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўл четига қия чиқинди қутилари ўрнатилган, шунингдек, светофор фазалари ҳақида огоҳлантирувчи рангли индикаторларни ҳам учратиш мумкин — одамлар тезлашиш ёки секинлашиш кераклигини олдиндан билишади.

Копенгагеннинг DriveNow каршеринг-хизмати BMW i3 электрокарлари ижарасини таклиф қилади, бундан ташқари агар айни вақтда жамоат транспортидан фойдаланиш афзалроқ бўлса, дастур бу ҳақида билдиришнома ҳам бера олади.

Шаҳарда ҳаво билан ишлайдиган тизимли чиқинди қутиларини учратишингиз мумкин: уларга ташланган барча чиқиндилар қувурлар орқали масофавий омборга сўрилади. Бу усул йўлларда чиқинди ташувчи юк машиналардан қутулишга ва шаҳарни озода сақлашга имкон беради.

Экологик Копенгагенда ҳатто чиқинди ёқувчи деб номласа бўладиган Amager Bakke заводи мавжуд. У яқин атрофдаги электр станцияси учун энергия ишлаб чиқаради ва чиқиндини ёқишда конденсатдан сув олади. Бинонинг невепласт қопламали томи эса йил бўйи чанғи қиялиги вазифасини бажаради.

Amager Bakke заводи / dezeen.com

Копенгаген ҳукумати 2025 йилгача углерод-нейтрал тежашга ўтишни ва ер ости қазилма ёқилғиларидан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда. Бу мақсадга эришиш учун қуёш панеллари ва шамол тегирмонлари, шунингдек, велосипед ва электромобилларнинг янада кенг тарқалиши ёрдам беради.

4. Рейкьявик

Аксарият ақлли шаҳарлар фақат қайта тикланувчи манбалардан электр энергияси олишга интилаётган бир пайтда Рейкьявик деярли бу мақсадга эришди: шаҳарнинг 70 фоиздан ортиқ энергияси Reykjavík Smart City томонидан геотермал усулда (Ернинг ички иссиқлигидан) ишлаб чиқарилади.

Рейкьявик аҳолиси шаҳарда ҳаракатланиш учун Strætó хизматидан фойдаланади. У орқали нафақат энг яхши йўналишни топиш, балки автобус учун чипта сотиб олиш ва жамоат транспорти ҳаракатини онлайн кузатиш мумкин.

Бундан ташқари, Рейкьявикда Better — шаҳар ташаббусларини таклиф этиш мумкин бўлган хизмат оммалашган. Унинг 10 йиллик фаолияти давомида қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида шаҳар бюджети ўзининг 1,9 миллион евро маблағини ажратган 200дан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилган.

Рейкьявик ўт ўчирувчилари ва тез ёрдам хизмати машиналари светофорнинг яшил чироғини кутмайди ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига ҳам халақит қилмайди. Бунинг сири шундаки, Исландия пойтахтида Sitraffic Stream сунъий йўлдошли тизимидан фойдаланилади. Ҳар бир фавқулодда хизмат машинасида датчик бор. Ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этиш учун ёки шифокорлар беморни қутқариш учун йўл олганларида сунъий йўлдошлар уларнинг транспорт воситаси ҳолатини 5 метргача бўлган аниқликда кузатиб боради ва светофорлар рангини аввалдан яшилга ўзгартиришга улгуради. 

5. Сингапур

Сингапур аҳолиси зичлиги бўйича дунё етакчиларидан биридир. Шунинг учун ҳам у ерда камералар ва турли датчикларни ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратилди. Ушбу мосламалар шаҳар кўчалари озодалигини кузатиш ва қолаверса, йўллардаги аҳоли ва автомобиллар оқимини батафсил таҳлил қилиш имконини беради.

Сингапур ҳайдовчисиз автомобиллар ва автобусларни ҳаракатлантирган илк шаҳарлардан ҳисобланади. 2020 йилга қадар улар ҳар бир автомобилни навигация тизимлари ва сенсорлар билан жиҳозлаш истагида, шунда виртуал харитада шаҳардаги барча транспорт воситаларини кузатиш мумкин бўлади. 

Аҳолининг ҳар бир вакили махсус ID — SingPass деб номланган рақамли паспорт орқали маҳаллий хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Технологиялар соғлиқни сақлаш тизимига ҳам кириб келган. Бу ерда, масалан, масофавий тиббий ёрдам тизими ишлайди. Шифокорлар ўз беморлари билан видео-қўнғироқларни амалга оширадилар: уларнинг аҳволи тўғрисида ахборот оладилар, бу мулоқот давомида беморга дори-дармон буюришлари ва маълум машқларни тавсия қилишлари мумкин. Камералар ва сенсорлар ёрдамида кўрсатмалар қай даражада бажарилганини назорат қилиш мумкин.

Кексалар яшайдиган хонадонлар датчиклар билан жиҳозланган. Қурилма агар кекса одам йиқилиб тушса ёки анча вақт ҳаракат қилмаса, шифокорларга ёки унинг яқинларига хабар юборади.

6. Сеул

Сеул маъмурияти шаҳар ҳудудида янги технологияни жорий этмоқчи бўлса, аввал аҳолининг хатти-ҳаракатларини синчковлик билан ўрганади ва кейин бир қарорга келади. Шаҳардаги тунги автобуслар ҳам худди шундай йўлга қўйилди. Бошланишига улар такси хизматларига қўнғироқларни, сўнгра одамлар юрадиган йўналишларни таҳлил қилишди. Олинган маълумотлар тунги транспортга талаб катта бўлган туманлар харитасини яратишга ёрдам берди. Натижада шаҳар маъмурлари атиги 50та автобус ёрдамида муаммони бартараф этишди.

OLEV электромобилларининг шаҳардаги синови ҳам шу тарзда ўтказилди. Улар қувватни симлардан эмас, йўл остидан ўтган электр тармоғидан олади. Худди симсиз зарядланувчи смартфон каби, фақат жуда катта.

OLEV электроавтобуси

Сеулликлар шаҳар ҳаётида фаол иштирок этишади. Барча ахборот омборлари жамоат мулки ҳисобланади. Ҳар қандай дастурчи ўз хизмати ёки иловасини яратишда улардан фойдаланиши мумкин ва ҳар бир резидент маҳаллий ислоҳотларни муҳокама қилишда ўз овозига эга.

Деярли барча сеулликларда смартфонлар ва бошқа ақлли ускуналарни учратамиз: муниципал амалдорлар ўзларининг trade‑in дастурини таклиф қиладилар. Ўртаҳол кишилар эски электроникаларини топширишлари ва янги жиҳозни чегирма билан сотиб олишлари мумкин. 

Бироқ, кореялик визионерларнинг барча тажрибалари ҳам муваффақиятли бўлган дея олмаймиз. Масалан, Сеулдан 30 км узоқликда барпо этилган Сонгдо шаҳри энг технологик ривожланган аммо аҳолиси мавжуд бўлмаган ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Сонгдодаги арвоҳ шаҳар / arup.com

Бу ерда чиқиндини сиқилган ҳаво билан йўқ қилиш тизими, оқовасиз сув таъминоти ва бошқа илғор технологиялар ишлаши керак эди. Шаҳарда баландлиги 312 метр бўлган Northeast Asia Trade Tower осмонўпар биноси қурилганди ва худди Нью-Йоркнинг Марказий хиёбонига ўхшаш улкан яшил майдон яратилганди. Аммо ушбу келажак шаҳри ягона асосий муаммога дош бера олмади — одамларни ўзига жалб қилолмади.

Мавзуга оид