Жамият | 19:58 / 04.11.2019
426191
4 дақиқада ўқилади

IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш: билиш керак бўлган энг муҳим маълумотлар

Фото: РИА Новости

Ўзбекистонда мобил телефонлар ва SIM-картали планшетларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш масаласида ҳамон турли саволлар ва тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Қуйида қурилманинг IMEI-кодини текшириш ва қандай қилиб рўйхатдан ўтиш мумкинлигини оддий тарзда тушинтириб ўтамиз.

IMEI-кодни қандай билиш мумкин?

Бунинг учун телефон ёки планшетингизда *#06# комбинациясини теринг. Шунда экранда гаджетингизнинг IMEI-коди пайдо бўлади. Агар иккита SIM-картали телефон ёки планшет ишлатсангиз, иккита IMEI-код кўринади: ҳар бир SIM-карта уяси учун алоҳида рақам.

Бундан ташқари, баъзи телефонларда IMEI-код қурилманинг орқа томонига ёзиб қўйилса, яна айримларида SIM-карта уясида келтирилган бўлади. Мобил қурилмангиз қадоғи ёки ҳужжатларида ҳам IMEI-кодни кўришингиз мумкин.

IMEI-коди рўйхатга олинганини қандай текшириш мумкин?

Буни икки усулда – SMS ёки USSD сўровлари орқали билиш мумкин.

USSD сўровда қуйидагиларни бажарасиз:
1. Мобил қурилма клавиатурасида *1170# комбинациясини теринг.
2. Тилни танланг.
3. “IMEI-код текшириш” хизмат турини танланг.
4. IMEI-кодни киритинг.
5. SMS жавобни кутинг.

SMS сўрови тартиби эса қуйидагича:
1. SMS орқали 1170 рақамига IMEI-кодни юборинг.
2. SMS жавобни кутинг.

IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай?

 Агар мобил қурилмангиз рўйхатдан ўтмаган бўлса, уни USSD ёки SMS сўрови, uzimei.uz сайти, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки ҳудудий почта алоқа бўлимлари орқали рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. Бу усуллардан ўзингизга қулай ва маъқул келганини танлаб, жараённи бажарсангиз кифоя.

SMS орқали рўйхатдан ўтказиш:

1. IMEI-коди/кодлари, ЖШШИР, паспорт серия ва рақамини 1170 қисқа рақамига юборинг. ЖШШИР – жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами бўлиб, у ҳар бир фуқаронинг паспортида ёзилган бўлади. Паспортни янгисига алмаштирсангиз ҳам, серия ва рақам ўзгариши мумкин, аммо ЖШШИР ўзгармайди. Уни аниқлаш қийин эмас, қуйидаги суратга қаранг.

2. SMS орқали жавобни кутинг.

USSD сўрови орқали:
1. Мобил қурилмадан *1170# ни теринг.
2. Тилни танланг.
3. “IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш” хизмат турини танланг.
4. Мобил қурилманинг IMEI-кодини киритинг.
5. Агар мобил қурилма икки ва ундан ортиқ IMEI-кодга эга бўлса, қуйидаги хизмат турлари таклиф этилади: “Қўшимча IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш” ёки “Кейингиси”.
6. ЖШШИРни киритинг.
7. Паспорт серияси ва рақамини киритинг.
8. SMS орқали жавоб кутинг.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали:
1. my.gov.uz сайти орқали оммавий офферта билан танишиб чиқинг.
2. my.gov.uz сайтидан рўйхатдан ўтинг.
3. my.gov.uz сайтида авторизация қилинг.
4. “Мобил қурилманинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш” хизмат турини танланг.
5. Мобил қурилманинг IMEI-коди/кодларини кўрсатиб, электрон сўровномани тўлдиринг.

Қачондан пулли бўлади?

Ўзбекистонда мобил телефонлар ҳамда SIM-карта солинадиган планшетларнинг IMEI-коди шу йилнинг 1 апрелидан 1 ноябригача бепул ва фойдаланувчилар иштирокчисиз автоматик равишда махсус тизимдан рўйхатдан ўтказилди.

Бунда бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. 1 апрелдан 1 ноябргача бўлган муддатда SIM-карта билан бирор марта фойдаланилмаган телефон, планшет ёки USB-модемлар шу давр мобайнида автоматик рўйхатдан ўтмай қолган. Уларнинг IMEI-кодларини эндиликда 1 декабргача бепул рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Эндиликда янги мобил қурилма сотиб олаётганда, унинг IMEI-коди рўйхатдан ўтказилганми-йўқми, текшириб олиш лозим. Агар сиз қурилмани Ўзбекистон ҳудудида харид қилсангиз, у импортёр-тадбиркор ёки ишлаб чиқарувчи томонидан рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

1 декабрдан бошлаб импортёрлар, ишлаб чиқарувчилар ва хориждан Ўзбекистонга мобил қурилмалар олиб кирганлар гаджетини 30 кун ичида рўйхатдан ўтказса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (44 минг сўм); 30 кундан кейин рўйхатдан ўтказса, БҲМнинг 25 фоизи (55 минг сўм) миқдорида тўлов қилиши керак бўлади.

Мавзуга оид