Ўзбекистон | 07:40 / 07.11.2019
116428
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардияга қатор ҳуқуқлар берилди

Фото: Norma.uz

Миллий гвардия органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилди.

 Norma’нинг ёзишича, МЖТКга янги иккита модда киритилди. Уларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик ёки унинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жарималар назарда тутилган. Мазкур ҳолатда Миллий гвардия органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади, бундай ишлар маъмурий судларда кўриб чиқилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликни содир этиш сабабларини ҳамда уни содир этишга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан Миллий гвардиянинг ёзма тақдимномаларини бажариш чораларини кўрмаслик маъмурий жазо чораси қўлланилишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 196-моддаси).

 Идора ходимларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектлари ва бошқа хил мол-мулкига тажовуз қилган ҳуқуқбузарларни Миллий гвардия органларига ушлаб келтириш;

МЖТКнинг 61- (Оз миқдорда талон-торож қилиш), 185-1 (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи), 194-1 (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-1 (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш, 198- (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) ва 210-1-моддалари (Ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик) бўйича айбдорларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш;

шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш.

 Бошқа тузатишлар қатори органнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги ваколатлари акс эттирилди; ходимларнинг сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланди; Миллий гвардиянинг қўриқлаш бўлинмалари – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан, уларнинг хизматлари эса ҚҚСдан озод этилди.  

Мавзуга оид