Ўзбекистон | 09:46 / 13.11.2019
36967
3 дақиқада ўқилади

Қандай ҳолларда қарздорнинг чет элга чиқиши чекланмаслиги аниқ белгиланди

Фото: Fotolia

МИБ, ички ишлар ва чегара қўшинларининг идоралараро ҳамкорлик тизими қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

“Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш ижро ҳужжати қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда қўлланилади.

Қуйидаги ҳолларда қарздорнинг четга чиқиши чекланмайди:

қарз миқдори БҲМнинг 5 бараваридан (1 115 000 сўмдан) ошмаса (аввал бу миқдор 446 000 ни ташкил этган), алимент ёки бошқа даврий тўловларни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бундан мустасно;

суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган бўлса;

қарздор юридик шахс бўлганда.

Қарздорнинг четга чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида ундирувчи (унинг вакили) ариза билан МИБга мурожаат этиши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор чиқарилади ёки ариза рад этилади.

Чеклов қўйилганлиги ва олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумот идоралараро ҳамкорлик тизими орқали ички ишлар органлари ва Чегара қўшинларига юборилади.

Қарздорнинг четга чиқиши вақтинча чекланганлиги ёки олиб ташланганлиги ҳақида унга ёзма (электрон почта) ва телефон (мобил алоқа) орқали СМС юборилади.

Қуйидаги ҳолларда чеклов тўхтатиб турилади ва қарздорнинг четга чиқишига рухсат берилади:

Ўзбекистондан ташқарида касалхонага ётқизишни талаб қиладиган ҳолларда;

Ўзбекистондан чиқиб кетувчи делегация таркибига киритилганда.

Чегара ҳудудларда четга чиқиши вақтинча чекланган қарздор аниқланганда, унга бу ҳақда тўлиқ маълумот берилади ва mib.uz сайти орқали маълумот олиши мумкинлиги тушунтирилади.

Мавзуга оид