Иқтисодиёт | 19:30 / 15.11.2019
47202
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камида 20та йирик давлат корхонаси хусусийлаштирилиши кутилмоқда

2023 йилгача Ўзбекистонда камида 20та давлат компаниясини хусусийлаштириш кутилмоқда. Ҳукумат шунингдек пенсия фондларига қимматли қоғозларга сармоя киритиш ҳуқуқини бериш учун пенсия ислоҳотларини тезлаштиришни режалаштирмоқда.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров

Давлат компанияларига мўлжалланган хусусийлаштириш дастурига мувофиқ капитал бозори орқали камида 20та йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш кутилмоқда. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров 15 ноябрь куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожида капитал бозорининг ўрни» мавзусида халқаро конференцияда айтиб ўтди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов давлат компанияларининг акцияларини бирламчи IPO (initial public offering – биринчи кимошди савдоси) амалиётини кенгайтириш орқали республиканинг капитал бозорини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди ва бу амалиёт инвесторларни, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолини фонд бозорига фаол жалб қилиш мақсадида республиканинг ички капитал бозорида аллақачон амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов

Суннатилла Бекеновнинг сўзларига кўра, «Алоқабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» давлат банклари, шунингдек, Ўзбекистон товар-хомашё биржаси АЖ акциялари кимошди савдосига қўйилиши режалаштирилган. Унинг айтишича, ҳукумат давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш учун ушбу амалиётни давом эттиришга содиқдир.

«Давлат корхоналарини бошқариш ва хусусийлаштириш стратегияси қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Унда давлат мулкини сақлаб қолиш ва уларни ички ва ташқи бозорда рақобатлаша оладиган самарали корхоналарга айлантириш кўзда тутилган», дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори.

Тадбирда ҳукумат пенсия фондларига қимматли қоғозларга сармоя киритиш ҳуқуқини бериш учун пенсия ислоҳотларини тезлаштиришни режалаштираётгани ҳақида ҳам маълум қилинди. Бу хусусий пенсия жамғармаларини яратишни англатади.

Халқаро конференцияда, шунингдек, давлат облигацияларининг иккиламчи бозорини аҳоли томонидан сотиб олиш имконияти билан ривожлантириш режалари эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги 2020–2025-йилларга мўлжалланган капитал бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Мазкур стратегияни амалга ошириш натижасида эркин муомаладаги қимматли қоғозлар ҳажми Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10-15 фоизига етиши кутилмоқда. Ҳозир бу кўрсаткич ЯИМнинг 0,2 фоизига тенг холос. Бундан ташқари, жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда капитал бозорида қимматли қоғозлар турларини кўпайтириш режалаштирилган. Мутахассисларнинг қайд этишича, ушбу мақсадга эришиш Ўзбекистон капитал бозори мамлакат иқтисодий ўсишининг драйверига айланишига имкон беради.

Мавзуга оид