Жамият | 16:25 / 19.11.2019
228757
2 дақиқада ўқилади

Актриса Гавҳар Шарипова вафот этди

Ўзбек киносининг ёш вакилларидан бири, актриса Гавҳар Шарипова 18 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида юз берган автоҳалокат натижасида вафот этди.

“Ўзбеккино” хабар беришича, айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда. 

Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент Давлат санъат институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)ни  драма-театр ва кино актёрлиги йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият кўрсатган. Г.Лессингнинг “Донишманд Натан” спектаклида Реха ролини маҳорат билан ижро этган. 

Гавҳар ўзбек киносида ҳам ўзининг бир қатор такрорланмас образлари билан томошабинлар ёдида қолди. “Алпомиш” (2001) фильмида Қалдирғоч, “Алданган аёл” (2011) фильмида Мастура, “Опа-сингиллар” (2010) телесериалида Нафиса сингари қаҳрамонларни гавдалантирди. У қатор фильмларга овоз бериб, дубляж санъатида ҳам ўз имкониятларини намоён этди. 

У нафақат актриса, балки шоира ҳам бўлиб, шеърлар ёзган, унинг шеърлари бир неча хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.

Kun.uz марҳуманинг яқинларига таъзия билдиради.

Мавзуга оид