Иқтисодиёт | 19:21 / 19.11.2019
32630
2 дақиқада ўқилади

Бизнеснинг солиқ органларига нисбатан учта асосий шикояти маълум қилинди 

Коррупция, чуқур билимга эга бўлмаган ходимлар ва текширувлар – Ўзбекистонда бизнес юритувчиларнинг солиқ органларига оид учта асосий шикояти шулардан иборат.

Бу ҳақда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси муҳокамаси вақтида Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Бизнеснинг норозилигига сабаб бўлаётган биринчи нарса – солиқ текширувлари ва солиқ органларининг ваколатлари. Шуни маълум қилмоқчиманки, барча хатоларимиз, ўтмишдаги барча оғир тажрибаларни таҳлил қилдик. Ишонч билан айтишим мумкинки, энди ҳеч бир инспектор солиқ текширувини мустақил тарзда белгилаш ҳуқуқига эга бўлмайди», – деди Султонов 19 ноябрь куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида бўлиб ўтган йиғилишда.

Вазир ўринбосари барча текширувлар Давлат солиқ қўмитаси орқали солиқлардан бош тортиш тизимларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмлари асосида ўтишини таъкидлади.

«Бизнес томонидан танбеҳларга сабаб бўлаётган иккинчи йўналиш – солиқ органларининг компетентлиги. Бу борада солиқ ходимларининг аттестацияси ўтказилади. Муайян кўникма ва билимларсиз солиқ текширувларини ўтказиш ҳуқуқини ҳеч ким қўлга кирита олмайди», – дея қайд этди Дилшод Султонов.

Унинг сўзларига кўра, учинчи муаммо – соҳадаги коррупция бўлиб, буни бартараф этиш учун рағбатлантириш тизими ишлаб чиқилади.

«Бу тизимни яратиш учун барча имконият ва технологиялар ишга туширилади. Бу – ҳар бир солиқ инспектори учун KPI’га асосланган рағбатлантириш тизими. Шунингдек, муайян ходим ноқонуний фаолиятга аралашганини тезкорлик билан аниқлаш учун қайта алоқа жорий этилади», – деди Молия вазири ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Мавзуга оид