Ўзбекистон | 15:04 / 21.11.2019
34386
2 дақиқада ўқилади

Ақтўбе фожиаси қурбонлари бўйича ўтказилган экспертиза ҳақида маълумот берилди

21 ноябрь куни Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази мутасаддилари иштирокида «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Оқтўбе фожеасида ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг жасади қай даражада суд-тиббий экспертизасидан ўтказилгани ҳақида савол берилган.

«Оқтўбе фожеаси қурбонлари бўйича экпертиза ўз вақтида тўла-тўкис ўтказилган, тўрт кун ичида якунланган. 51 нафар жасаднинг шахси қозоғистонлик ҳамкасблар билан биргаликда, фақат бир нафарининг шахси Ўзбекистонда аниқланди.

Жасадлардан турли намуналар олинди, қариндош-уруғларидан турли намуналар олиниб солиштирилди. Ўз вақтида қисқа муддат ичида барча ишлар белгиланган тартибларга мувофиқ якунланган», – дейди республика суд экспертиза маркази директори Акрам Халилов.

Матбуот анжуманида, шунингдек, суд-экспертлик фаолиятидаги янгиликлар ва амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини, шунингдек илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизанинг янги турлари, хусусан суд-психологик экспертизаси, суд-электротехника экспертизаси, озиқ-овқат маҳсулотларининг суд экспертизаси, суд лингвистик экспертизаси, суд автомобиль йўллари экспертизаси ва суд компьютер-техник экспертизаларини жорий қилиш юзасидан, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 21дан ортиқ тасдиқланган мавзулар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Марказ лабораторияларини ISO-17025 халқаро стандарти талабларига мувофиқ ҳалқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланган.

Мавзуга оид