Ўзбекистон | 14:41 / 21.11.2019
73378
2 дақиқада ўқилади

ДНК таҳлилини ихтиёрий ўтказиш нархи маълум қилинди

Ўзбекистонда 2 млн. 83 минг сўмга оддий ДНК таҳлилини ўтказиш мумкин.

Фото: Andrew Brookes / Cultura

21 ноябрь куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази вакиллари иштирокида ўтган матбуот анжуманида эндиликда ихтиёрий тарзда ўтказиладиган ДНК таҳлиллари, уларни ўтказиш тартиби ва нархлари ҳақида маълумот берилди.

«ДНК таҳлиллари турли сабабларга кўра ўтказилиши мумкин, энг кўп учрайдиган сабаблар оталик ё оналикни белгилаш ҳисобланади. Бунда талабгор ўз ихтиёри билан келиб ариза ёзади, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қилади. Биз турли намуналар (одатда қон ёки сўлак) оламиз ва бир ойда натижасини билдирамиз. Барча маълумотлар сир сақланади. Агар бу маълумотлар судга далил сифатида тақдим этиладиган бўлса, улардан фойдаланиш ёки рад этиш суднинг ваколатида.

ДНК таҳлиллари оддий, ўрта ва мураккаб турларга бўлинади. Оддийсини ўтказиш нархи 2 млн. 83 минг сўмни ташкил қилади. Ўрта таҳлиллар баҳоси икки баробар ортиқ. Мураккабга алоҳида ҳисоб-китоб қилинади», – деган давлат суд-эксперти Асилбек Норматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Асилбек Норматов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган анжуманда 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижроси бўйича маълумот берилди.

Маълум қилинишича, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига суд экспертизаларининг 44та турини ўтказиш ҳуқуқи берилган.

Қарор билан 2019-2020 йилларда суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 25 банддан иборат «Йўл харитаси» тасдиқланган.  Бундан ташқари, ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси, моддий таъминоти яхшиланган ва энг муҳими ҳукумат қарори билан моддий-техника базани модернизация қилиш ва замонавий лаборатор ускуналар билан жиҳозлаш учун 3 млн. 326 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.

Мавзуга оид