Спорт | 23:08 / 27.11.2019
16524
2 дақиқада ўқилади

«Манчестер сити» иштирокида спорт тарихидаги рекорд битим тузилди - ОАВ

АҚШнинг Silver Lake инвестицион компанияси «Манчестер сити» клубининг эгаларидан бирига айланади. Бу ҳақда Financial Times нашри манбаларга асосланиб хабар берди. 

Маълумотларга кўра, Silver Lake 500 млн долларга «Манчестер сити»га эгалик қилувчи City Football Group (CFG) компаниясининг 10 фоиз акциясини сотиб олади. CFG ўз навбатида Abu Dhabi United Group (ADUG) ’га тегишли ҳисобланади. CFG нархи 4,8 млрд долларга баҳоланган. Нашрнинг таъкидлашича, ушбу битим спорт бизнеси нуқтаи назаридан рекорд битим ҳисобланади.   

CFG директорлар кенгаши раиси Холдун Ал Муборак ва Silver Lake’ бошқарувчи ҳамкори Эгон Дурбан тегишли келишувни 24 ноябрда имзолашган. Маълум қилинишича, Abu Dhabi United Group компанияси CFG акцияларининг назорат пакетини ўзида сақлаб қолмоқчи.  

ADUG эгаси БАА подшоҳлик оиласи аъзоси, тадбиркор Мансур бин Зоид Ол Наҳаён ҳисобланади. Охирги йилларда CFG Ал Муборак раислиги остида бутун дунё бўйлаб футбол клублари харид қила бошлади. Айни вақтда компанияга “Нью‑Йорк сити”, “Жирона”, “Торке”, “Атлетико Мадрид”, “Манчестер юнайтед”, “Мельбурн сити” ва бошқа клублар тегишли.

Silver Lake компанияси Alibaba, Dell ва Skype каби технологик компанияларга инвестиция киритган. Бироқ компания яқинда Ultimate Fighting Championship (UFC)га ва Ҳолливуднинг Endeavour агентлигига ҳам сармоя киритишга қарор қилган.

Мавзуга оид