Ўзбекистон | 17:20 / 28.11.2019
8454
3 дақиқада ўқилади

Акрам Муҳаматқулов: «Ўзбекистонда ижтимоий медиа бешинчи ҳокимиятга айланмоқда»

27 ноябрь куни Лондондаги «Glaziers Hall»да UzInvest форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги PR-маркази раҳбари Акрам Муҳаматқулов сўз олиб, ахборот соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида потенциал инвесторларга маълумот берди.

Kun.uz мухбирининг Лондондан хабар қилишича, АОКА расмийси Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардаги фаоллик тобора ошиб бораётганини қайд этган.

«Ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ортиб боряпти. Ҳозир қўрқув йўқолган. Аввалги даврда, биласиз, бизда зўравонлик ва қўрқув бор эди, одамлар фикр билдиришга ҳайиқишарди. Ҳозир эса ижтимоий медиа бор. Анъанавий оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият деб оладиган бўлсак, бугунга келиб ижтимоий медиа эҳтимолки бешинчи ҳокимиятга айланаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Эркинлик муҳити бор ва одамлар бўлаётган жараёнларда иштирок эта олишлари мумкинлигини ҳис этишмоқда», – деди Муҳаматқулов

PR-марказ раҳбари сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, хорижий оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистондаги фаолияти каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Мен Ўзбекистонга шу йил бошида қайтганман. Президент томонидан ғарб мамлакатларида иш тажрибасига эга ватандошларни юртга қайтариш ташаббуси илгари сурилган. Бунгача деярли 20 йил хорижда яшаганман.

Мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар ортга қайтариб бўлмас эканига ишончим комил. Биласизми, ислоҳотлар мобайнида вақт жуда қадрли ресурс. Шуни англаган ҳолда яхшироқ натижаларга эришиш учун кеча-ю кундуз ишлашимизга тўғри келяпти.

Бугунги Ўзбекистон – 2016 йилгача бўлган даврдан катта фарқ қилади. Давлат ўзгаряпти, жамоатчилик ўзгаряпти. Биз очиқлик, демократия йўлини танлаганмиз. Ўзаро тийиб туриш механизмларига эга ва ўйин қоидалари қонунларга асосланган жамият қуриш учун ОАВ эркинлиги, ахборот олиш эркинлиги ҳамда ўзгаришларга бефарқ бўлмаган ва унда иштирок этадиган жамоатчилик керак бўлади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигимизнинг асосий вазифаларидан бири – барча давлат органлари ва давлат корхоналарининг очиқлигини таъминлаш ва уларга жамоатчилик билан алоқа қилишида кўмаклашиш. Биз инвестицион иқлимда қарор қабул қилувчиларни батафсил ахборот билан ўз вақтида таъминлашимиз зарурлигини тушунамиз», – деб таъкидлади Акрам Муҳаматқулов.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ҳукумати хориж ОАВ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

«Биз ўз муаммоларимизни муҳокама қилишга, муаммолар билан юзланишга, уларни тан олишга ва уларнинг устида ишлашга тайёрмиз. Нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки жаҳон ҳамжамияти билан ҳам муносабат ўрнатиш бўйича ҳукумат позициясида фундаментал ўзгариш бўлган», – деди АОКА расмийси.

Мавзуга оид