Жамият | 12:10 / 08.12.2019
12799
2 дақиқада ўқилади

Урганчда «Ҳосил байрами» ўтказилди

7 декабрь куни Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган «Ҳосил байрами» ўтказилди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, спортчилар иштирок этишди.

Урганч ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати стадиони ҳудудида вилоятнинг барча туманлари ўз павильонларида қишлоқ хўжалигида эришилган ютуқлар, етиштирилган маҳсулотларининг кўргазмасини ташкил қилишди.

Йил давомида самарали ҳосилдорликка эришган Хонқа, Янгибозор, Хива ва Шовот туманларининг 4та сектор раҳбарларига вилоят ҳокимлигининг совғалари, енгил автомобиллар топширилди. Қишлоқ хўжалигининг бир гуруҳ фаол ходимлари ҳам қимматли совғалар билан тақдирландилар.

Шундан сўнг, байрам тадбири сайл кўринишида давом этди ва маданий дастурлар, халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари бошланди. Миллий спорт турлари бўлмиш кураш, қўл қайириш, тош кўтариш ва арқон тортиш бўйича мусобақалар ўтказилди. Байрам тадбири хоразмлик санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.

Kun.Uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид