Спорт | 14:30 / 09.12.2019
22114
10 дақиқада ўқилади

Топ-10: Яна жаллодга айланган Сульшер ва ҳафтанинг бошқа воқеалари

Европа миллий чемпионатларининг навбатдаги турлари ҳам табиийки, қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Ўз экваторига яқинлашаётган лигаларда қисман бўлса-да, фаворитлар ҳақида хулоса чиқариш учун етарлича асослар мавжуд.

Манчестер дербиси

Манчестер дербиси қизиқ. Айниқса сўнгги йилларда. Бу жамоалар аниқ бир соврин учун анчадан бери рақобат қилмаётгани учун, дербиларда асосан ўзини рақиб томонга исботлаш, урушда эмас, жангда ғолиб бўлиш ниятида майдонга тушишаётгандек.

Статистикага қаранг, сўнгги 10 дербидан атиги 2тасида мезбон жамоа ғалаба қозонган. «Сити» ва «Юнайтед» бир мартадан. Меҳмонлар эса, уч мартадан ғалабани илиб кетишган. Рақиб мухлислари олдидаги ютуқ айниқса дербиларда ўзгача кайф бериши шубҳасиз.

Блеф. Сульшернинг асосий қуроли нимада?

Бир ҳафта олдин истеъфо остонасида турган Сульшер эса тўрт кунда дунёнинг икки энг совриндор мураббийларини мағлуб этди. Аҳамиятлиси, ҳар икки ғалаба ҳам айнан мураббийнинг режалари иш берганидан бўлди. Ҳеч ким бу ўйинларда «Юнайтед» уч очкога ҳақли бўлмади, дея олмайди ҳам.

«Юнайтед» Топ-7’га («Лестер»ниям қўшсак) қарши бу мавсумда ўтказган 7 ўйинида (кубок билан бирга) 5 ғалабага эришди, 2 марта дуранг ўйнади. Энди Сульшер жамоасини кучсизроқ рақибларга қарши ўйнашга ҳам ўргатиши керак. «Сити» эса энди «Ливерпуль»дан 14 очко ортда бормоқда.  

«Аякс» ниҳоят тўхтади

Ўтган ҳафтада амстердамликлар таркибида пайдо бўлган ёш юлдуз Ноа Лангни «реклама» қилгандик. Бу сафар эса «Аякс»ни салбий томондан тилга олишга мажбурмиз.

Тен Ҳааг жамоаси мавсумда илк бор мағлубиятга учради ва бу энг кутилмаган пайтда рўй берди. 9 ўйиндан бери Эредивизияда очко йўқотмай келган «Аякс» ўз майдонида «Виллем»га 0:2 ҳисобида ютқазди. Бунгача жамоа атиги икки марта, «ПСВ» ва «Витесс»га қарши сафар ўйинларида дуранг ўйнаб очко йўқотганди, холос.

«Челси»нинг мағлубияти

Бу натижани «Эвертон»даги бурилиш билан ҳам изоҳлаш мумкин. Сильвани истеъфога чиқариб, вақтинчалик Данкан Фергюсон билан йўлида давом этаётган «Эвертон» қаторасига учта мағлубиятдан сўнг, ниҳоят, топ ўйинда ғалаба қозонди. Бу ливерпулликларнинг шу йилнинг ўзида «Челси» устидан иккинчи бор ғалаба қозонишидир.

Лэмпарднинг сеҳри эса тугаб боряпти, шекилли. АПЛда сўнгги тўрт ўйиндан учтасида имконият бой берилди. Унгача 12 ўйинда «Челси» атиги 1 марта мағлубиятга учраганди, холос. Натижада лондонликлар учинчи ўриндан кўра, бешинчи ўринга яқинроқ жойлашиб қолишди. Декабрда жамоани яна икки дерби – «Арсенал» ва «Тоттенҳэм»га қарши ўйинлар кутиб турганини эътиборга олсак, Топ-4’даги ўринни сақлаш ҳам энди осон бўлмайди.

Сон ва Суареснинг голлари

Келаси йил охирида энг чиройли гол муаллифларига тақдим этиладиган «Пушкаш» совринига бир куннинг ичида икки даъвогар пайдо бўлди.

«Мальорка»га қарши ўйинда кутилмаган тарзда, тўпни товони билан дарвозага йўллаган Луис Суарес «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Хон Минни мақтаб ўтирган эстетларни бир муддат чалғитди. Кореялик футболчи тўпни майдоннинг ўз томонидан эгаллаб, йўлидан чиққан барча ҳимоячиларни тезликда алдаб ўтди ва дарвозабонни ҳам доғда қолдирди.

Лондонликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо буни бир пайтлар «Барселона» таркибида «Компостела» дарвозасини ишғол қилган Роналдонинг голи билан қиёслади. Ўша голни Жозе Бобби Робсоннинг ёрдамчиси сифатида каталонияликлар штабидан туриб кузатганди.

«Сивасспор» ҳазиллашмаяпти

Туркияда Истанбулнинг уч жамоаси жадвалнинг юқори поғоналарида юришига ўрганганмиз. Сўнгги беш йилда тўртинчи жамоа «Истанбул Бошоқшеҳир» ҳам қўшилганди. Аммо бу мавсумда «Сивасспор» барча учун сюрприз натижалар қайд этмоқда.

Сивасликлар охирги 8 ўйинни ғалаба билан якунлашди, булардан 6 таси Суперлига ўйинларидир. Натижада, ҳозирда жамоа энг яқин таъқибчиси «Бешиктош»дан 3 очко ўзиб кетган ҳолда турнир жадвалини бошқариб турибди. Ризо Желимбай шогирдлари келаси ҳафтада «Фенербахче»га қарши ўйин ўтказишади. Бу учрашув билан ҳам жамоанинг нақадар жиддий экани исбот топса керак.

Жамоа ўз тарихида бирор марта ҳам чемпион бўлмаган, фақат бундан ўн йил олдин кумуш медалларни қўлга киритган, холос.

«Милан» яна ғалаба қозонди

«Милан» ушбу мавсумда иккинчи марта қаторасига икки ўйинни ғалаба билан якунлашнинг уддасидан чиқди. Стефано Пиоли янги мураббий этиб тайинланганида, кўпчилик ундан яхши натижаларни кутмагани табиий, зеро бу мутахассиснинг «Интер» ва «Лацио»даги натижалари қониқарли бўлмаганди.

Лекин «Милан» ўзига келаётганини нафақат мана шу икки ғалабали учрашув, балки аввалги топ-ўйинлар ҳам кўрсатиб турганди. Кейин Жакомо Бонавентура қайтди. Айнан ушбу футболчининг ярим ҳимоядаги ишончли ўйинлари «Милан» учун айни муддао бўлмоқда. Ҳимоячи Тео Эрнандес икки ўйинда икки гол муаллифи бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Қизиғи, Тео Болоньядаги ўйинда ўз дарвозасини ҳам ишғол этиб қўйди.

Хоакин Санчеснинг навбатдаги «ёшлиги»

Санчесни дунё илк бор 2002 йилдаги мундиалда таниганди. Ўшанда Испания терма жамоасининг ёш, тезкор ўйинчисининг ҳаракатлари кўпчиликка манзур бўлган, келажакда зўр футболчи бўлиб етишишини тахмин қилгандир-у, лекин ҳеч ким орадан 17,5 йил ўтиб, у топ лигадаги ўйинда ҳет-трикни амалга оширади деб хаёлига келтирмаган бўлса керак.

Санчеснинг терма жамоадаги фаолияти у қадар ёрқин кечмади, бирор топ-клубда ўзини кўрсатишига ҳам жароҳатлар панд берди. Лекин «Валенсия», «Фиорентина», «Малага» каби жамоаларда ҳам ўйнаб, тўрт йил олдин яна севимли «Бетис»ига қайтган футболчи айниқса ушбу мавсумни зўр ўтказяпти: 11 ўйинда 6 гол ва 2 ассист.

Хоакин Санчес шу йил ёзда 38 ёшни қаршилади, эътиборингиз учун.  

«Ювентус» ва «Бавария»нинг мағлубиятлари

Ҳар икки воқеани биргаликда олганимизнинг сабаби, сўнгги йилларда лигасида яққол гегемон бўлган клублар ниҳоят қаттиқ қаршиликка дуч келишмоқда.

Немисларнинг бу ҳолати кўпроқ ўзидан келиб чиққан. 14 учрашувнинг ярмини ғалаба билан якунлай олмаган мюнхенликлар пешқадамдан 7 очкога ортда қолишди. «Ювентус» эса, аксинча, ўз режими бўйича давом этяпти – шунчаки, энди бу етарли эмас, Конте қўл остидаги «Интер» жиддий ўйнамоқда. Агар январгача мана шу кураш сақланиб қолса, Конте жамоаси учун асосий камчилик саналган ўринларни трансферлар билан ҳал қилишга киришади. Туринликлар учун осон бўлмайди.

Шу ўринда ғолиблар - «Боруссия» М ва «Лацио»га ҳам қойил қолиш керак. Ҳар икки жамоа фаворитга қарши ҳисобда орқада қолган бўлса-да, вазиятни ўнглашга ва иродали ғалабага эришишга муваффақ бўлишди.  

«Ростов»нинг қайтиши

Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов тўп сурадиган «Ростов» ниҳоят беш ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига барҳам берди ва Москвада «Спартак» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Ўз вақтида «Спартак»нинг раҳбари, ҳам мураббийи бўлган Валерий Карпин учун принципиал аҳамиятга эга бўлган учрашув эди бу.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси бу ўйинда гол урмаган ва голсиз сериясини ҳамон давом эттираётган бўлса-да, жамоасининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди, дастлабки икки гол айнан Элдорнинг саъй-ҳаракатлари натижасида амалга ошди.

Вардини ким тўхтатади?

«Лестер» Англия чемпионатида қаторасига 8 ўйинда ғалаба қозонди ва ишончли тарзда 2-ўринга жойлашиб олган. Барча мусобақаларни олсак, сўнгги 13 ўйинда 12 ғалаба, фақатгина октябрь ойи бошида «Ливерпуль»га қарши сафар ўйинида мағлубият. Рожерснинг «Лестер»и ҳатто ўша чемпион «Лестер»дан ҳам яхшироқ ўйнаяпти, шунчаки, ўша пайтда Англиянинг топ-клублари бугунги «Ливерпуль» каби барқарор эмасди, холос. Бошқа ҳар қандай мавсумда бу натижалар билан «Лестер» ишончли тарзда пешқадамлик қилиб турган бўларди.

Ўзгармаган фақат Жейми Варди. 32 ёшли ҳужумчи қаторасига 8 ўйиндан бери майдонни голсиз тарк этмаяпти ва яна беш ўйинда шу натижани давом эттирса, янги рекорд қайд этади. Қизиғи, олдинги рекорд ҳам айнан Вардига тегишли. Ўша чемпионлик мавсумда у қаторасига 12 ўйинда гол уриб, Рууд ван Нистелройнинг рекордини янгилаганди.

У шунингдек Премьер-Лигада гол уриш бўйича ван Нистелройга етиб олди.

Кейинги беш ўйинни «Лестер» «Норвич», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Вест Ҳэм» ҳамда «Ньюкасл»га қарши ўтказади.

Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид