Ўзбекистон | 18:56 / 10.12.2019
10956
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хотин-қизларга доир ўн йиллик стратегия ишлаб чиқилмоқда

Фото: Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси

Бугун, 10 декабрь куни Тошкентда “Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) билан биргаликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, бир қатор давлат ва нодавлат тузилмалари вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова хотин-қизлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш учун таъсирчан тизим яратишда Ўзбекистон тажрибасига тўхталиб ўтди ва бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп эканлигига урғу берди.

“Ҳеч бир вилоят бизнинг ҳудудимизда аёллар томонидан жиноят, ҳуқуқбузарлик содир этилмади, дея мақтана олмайди, ёки ҳеч бир вилоят ҳудудимизда аёл, эркак, қиз ёки ўғил бола ўз жонига қасд қилмаган, дея мақтана олмайди. Демак, ҳали олдимизда жуда жиддий масала турибди. Ўзбекистонда кўп ишлар қилинган, бироқ бундан ҳам кўп иш қилишимиз керак”, - деди Артикова.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсунова 2019 йил 2 сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг амалиётга татбиқ этилиши борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.

“Хотин-қизлар ҳуқуқлари борасида ишлаб чиқилган иккита қонунни амалиётга татбиқ этиш учун ўн йилга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқиляпти. У ижтимоий-сиёсий, иқтисод, бандлик ва меҳнат миграцияси, таълим ва бошқа соҳалардаги гендер тенглик йўналишларига бўлинган. Ҳозир ишчи гуруҳ стратегия устида иш олиб боряпти. У келаси йилнинг январь ойида қабул қилиниши белгиланган.

Айни вақтда зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллар билан ишловчи мутахассислар ёки давлат вакиллари, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ва психологлар учун қўлланмалар ишлаб чиқиляпти”, - деди Нодира Шотурсунова.

Давра суҳбатида хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабабларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, тадбирнинг биринчи сессияси доирасида гендер омилини ҳисобга олган ҳолда жиноий фаолиятга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ва миллий амалиёт кўриб чиқилди.

Тадбирда сўзга чиққан Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Шавкат Казакбаев хотин-қизлар ўртасида содир этилган жиноятлар статистикасини келтирди.

“Олиб борилаётган профилактик саъй-ҳаракатлар натижасида республика бўйича хотин-қизлар жиноятчилиги мос равишда 2016 йилда 5 фоизга, 2017 йилда 11 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоизга, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 32,7 фоизга камайиши эришилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд жараёнларида қўмита вакилларининг иштирокини таъминлаш тизими жорий этилиши натижасида 2019 йилнинг 10 ойи давомида 763 маротаба суд жараёнларида иштирок этиб, шундан 263 жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар қўмита вакиллари кафиллиги асососида жазодан озод этилди”, - дея Шавкат Казакбаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давра суҳбати якунида аёллар содир этадиган трансмиллий жиноятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш соҳасидаги қўшма ташаббуслар бўйича ЕХҲТ ҳамда Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси учун тавсиялар гуруҳларда муҳокама қилинди.

Мавзуга оид