Light | 23:10 / 10.12.2019
65884
2 дақиқада ўқилади

Қондаги холестерин миқдорини камайтирувчи маҳсулот маълум қилинди

Мутахассислар бириктирувчи тўқима ва антиоксидантлар манбаи ҳисобланувчи, овқат ҳазм қилишни яхшиловчи, озишда ёрдам берувчи ва сурункалик касалликлар хавфини камайтирувчи озиқ-овқат маҳсулотини маълум қилишди. Бундан ташқари, тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу маҳсулот қондаги холестерин миқдорини камайтиришда ҳам ёрдам берар экан. Гап сули ҳақида бормоқда. 

Health.News нашрининг хабар беришича, Саудия Арабистони ва Миср олимлари сули уруғларидан олинадиган экстракт қонда аномал кўп миқдорда ёғларга, жумладан юрак ва жигар касалликларига олиб келувчи холестерин ва триглицеридларга эга (гиперлипидемия) каламушларда липид (ёғ) алмашинувини яхшилаши ва жигарнинг нормал ишлашини тиклашини аниқлашган. 

“Катта миқдордаги холестерин ва триглицеридлар артерияларнинг битиб қолишига, бу эса охир-оқибат юрак хуружи ёки инсультга олиб келади. Холестерин ва триглицеридларга бой овқатланиш тартиби жигар фаолиятини бузади. Бундай овқатланиш жигарда ёғ йиғилишига олиб келади, у эса ўнгланмайдиган зарар етказади”, дейилган мақолада. 

Шу билан бирга таъкидланишича, холестерин миқдорини камайтириш учун мўлжалланган дорилар салбий таъсир келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли олимлар беморларнинг ҳолатини яхшилаши мумкин бўлган “табиий” ва камроқ зиён етказувчи даволаш усулларини излайдилар.

Тадқиқот давомида сули уруғларидан олинган экстрактнинг гиперлипидемияга эга каламушларга таъсири ўрганилган. Натижада ушбу экстракт қондаги ёғ миқдорини камайтириши аниқланган. Бундан ташқари, у жигар фаолиятини нормаллаштирган. 

Олимлар олинган натижаларга асосланиб, сули уруғларидан олинган экстракт гиперлипидемияга даволовчи таъсир кўрсатиши ва қондаги холестерин миқдорини камайтиришда қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишган.

Мавзуга оид