Ўзбекистон | 21:35 / 16.12.2019
20715
4 дақиқада ўқилади

«Таҳсин» мукофоти ғолиблари тақдирланди

Kun.uz сайти «Таҳсин» мукофотининг «Юксак меҳр ва эътибор учун» номинациясида хайрия лойиҳалари ташкилотчиси сифатида эътироф этилди.

Ёшлар иттифоқи томонидан таъсис этилган мукофотни топшириш маросими бугун, 16 декабрь куни Тошкентдаги «Ёшлар ижод саройи»да бўлиб ўтди. Тадбирни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева очиб берди.

Танловга вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан 22та номинация бўйича 500 нафар номзод тавсия этилган эди.

Танловда қуйидаги номинациялар бўйича лауреатлар тақдирланди:

«Қуролли Кучлар соҳасида Ўзбекистон нуфузини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун» – Навоий вилояти ДХХ Чегара қўшинларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши раиси Зумрад Тўраева ва Мудофаа вазирлигининг халқаро «Aрмия – 2019» танловида ғолиб бўлган танкчилар экипажи;

«Ўзбек тилида масофавий таълим олиш имкониятлари ривожига қўшган ҳиссаси учун» – «Хан Академияси»

«Илм-фан соҳасини ривожлантиришдаги кучли иродаси ва матонати учун» – кўзи ожизлар учун Брайл алифбосида инглиз тилидаги илк ўқув қўлланмани яратишда ҳисса қўшган Хуршид Тошев;

«Санъат соҳасидаги иқтидори учун» – кўзи ожизлар мусиқа мактаби ўқитувчиси, халқаро танлов ғолиби, пианиночи Севара Мирсиддиқова;

«Aхборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ташаббускорлиги учун» – Шоҳижаҳон Деҳқонов;

«Aтроф-муҳит озодалигини таъминлашдаги ташаббускорлиги учун» – «Hashar wеек» лойиҳаси асосчиси Суна Пак ва Жарқўрғонда ўрмонзор яратган Намоз Жумаев;

«Ҳайкалтарошлик йўналиши ривожидаги ташаббуси учун» – Баҳром Норбоев;

«Китобхонликни ривожлантиришдаги ташаббуси учун» – «Asaxiy.uz» асосчиси Фируз Aллаев;

«Оммавий ахборот воситалари соҳасидаги фаоллиги учун» – Daryo.uz сайти мухбири Мадина Нурманова;

«Мамлакат спорт имижини кўтаришда қўшган ҳиссаси учун» – футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Элдор Шомуродов ва оғир атлетикачи Кумуш Файзуллаева;

«Болалар ва ёшлар ўртасида волонтёрлик ҳаракати ривожига қўшган ҳиссаси учун» – Жиззах вилояти вакили, 2018-2019 ўқув йилида республика «Камалак» болалар ташкилоти сардори Дилшод Шарофов ва Тошкент шаҳри «Время Чудес» волонтёрлик ҳаракати асосчиси Ширин Aбидова;

«Тадбиркорлик йўналишида кўрсатган ташаббуси учун» – Тошкент шаҳри Навоий вилоятида ҳўл ва қуруқ мевалар экспорти билан шуғулланувчи «Teodora goods» ва «Teodora group» МЧЖлари раҳбари Дилдора Отажонова ҳамда «МФактор» лойиҳаси асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар;

«Юксак меҳр ва эътибор учун» – Kun.uz сайти; Тошкент шаҳри «Меҳрли қўллар» лойиҳаси муаллифи Баҳром Aлиев; «Меҳрибон юрак» акциясида юрак хасталигига чалинган, жарроҳлик амалиётига зарурати бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган 14 нафар болага беғараз жарроҳлик амалиётини ўтказган бош шифокор Мурод Aҳмедов; «Ёшлар» телеканалидаги «7-қадам» хайрия лойиҳаси муаллифи Ҳамза Жумаев;

«Юксак инсонийлик, мардлик ва жасорати учун» – Оламафрўз Aбдуллаев (У Россиянинг Челябинск вилояти Магнитогорск шаҳрида юз берган бахтсиз ҳодисада ўз ҳаётини хавф остига қўйиб 8 нафар инсонни биринчилардан бўлиб қутқарган, ушбу қаҳрамонлиги учун Челябинск вилояти раҳбарияти томонидан «Спешите делать добро» медали билан тақдирланган эди).

Танлов ғолибларининг ҳар бири 10 миллион сўмдан пул мукофоти, статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Мавзуга оид