Ўзбекистон | 20:00 / 17.12.2019
5062
5 дақиқада ўқилади

ЎзМТДП Самарқанд кенгаши: “Давлат тилини барча билиши шарт”

Ўзбекистон миллий тикланиш демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Солиев билан суҳбатимиз асосан битта савол атрофида кечди: “ЎзМТДП учун овоз берган фуқаро жамиятдаги қайси муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшади?” Қуйида партия вакилининг бир қатор фикрлари билан танишасиз.

“Давлат тили бўйича қонунларимизни мукаммаллаштириш керак”

  • Гарчи ўзбек тили расман давлат тили мақомида бўлса ҳам шунча йил давомида тилимизни тўлиқ ҳимоя қила олмадик. Энг оддий қоида: Ўзбекистонда ким бўлишидан қатъий назар барча давлат тилини билиши шарт. Аммо ҳозир аҳвол бундай эмас. Ҳатто давлат идораларида давлат тилини билмайдиганлар бор.

Бошқа миллат вакилларини камситмаган ҳолда, уларга ҳам шароит қилиб берган ҳолда ўзбек тилини том маънода давлат тилига айлантиришни дастуримизга киритганмиз. Тан олиш керак қонунчилигимизда бу борада камчиликлар бор. Айтайлик, юқорида айтганимиз – барчанинг давлат тилини билиши қонунларда кўрсатилмаган. Соддароқ қилиб айтганда тилимизни беҳурмат қилганга ҳеч қандай жавобгарлик йўқ.

Агар аниқ қилиб айтадиган бўлсам партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида 14 қисмдан иборат банд бор. Улардан бир нечтасини санаб ўтаман:

- Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ва расмий доираларда давлат тили қўлланилишига, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва идоравий ёзишмаларнинг тўлиқ давлат тилида ёзилишига эришиш.

- “Давлат тили ҳақида”ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш.

- Оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевидение, радио ва кўчалардаги рекламалар ва бошқа ташқи ёзувларнинг давлат тилида бўлишини таъминлаш.

Ана шу каби муҳим аниқ режалар киритилган.

Жамиятни зиёлилар ўзгартирмаса бошқа ҳеч ким ўзгартиролмайди

– Тарихга мурожаат қилиб кўрсангиз, ҳар қандай жамиятнинг фақат зиёлилар ҳаракати билан тараққиётга эришганига гувоҳ бўласиз. Бежизга бизнинг электоратимиз асосан зиёлилардан иборат эмас. Чунки миллатнинг жонкуярлари ҳам шулар аслида.  Нима учун ўтган асрда юртнинг элитаси, зиёлилари қатағон қилинди? Чунки юрт учун нима қилиш мумкин бўлса зиёлилар қила оларди. Инсоният тарихида дунё таниган олимлар чиққан юртдан сўнгги юз йилда ҳеч ким чиқмаганининг ҳам сабаби шу – қатағон.

Модомики асосий умид зиёлилардан экан, ўз-ўзидан гап таълим-тарбиянинг аҳволига бориб тақалади. Агар ҳозирги таълим тизимидан, етишиб чиқаётган кадрлар  бўйича камчиликлар борлиги бот-бот тилга олинаётганини ҳисобга олсак, демак, таълим тизимимизда ҳам қаердадир камчиликлар кўп бўлган. Очиғини айтиш керак, олий таълим даргоҳини битириб келиб битта ҳужжатни мустақил тўлдира олмайдиган ёшларимиз бор. Бу борада биз 25 йилни бой бердик. Шу сабабдан дастуримизда таълим билан боғлиқ жуда кўп масалаларни белгилаб олганмиз. Хусусан, педагоглар тайёрлаш ва танлаш тизимини тубдан такомиллаштириш шарт деб ҳисоблаймиз. Ўқитувчи ва устоз мақомини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, улар учун қулай, ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликлардан холи меҳнат шароитларини яратишни режалаштирганмиз. Таълим борасида айтадиган гапимиз шу – Зудлик билан тикланиш керак.

“Ишга тайинлаш тизимини максимал камайтириш лозим”

Кадрлар ҳақда гап кетганда яна бир нарсани эсдан чиқармаслик керак. Халқимиз яхши кадрни, яхши мутахассисни яна 25 йил кутиши керак эмас. Таълим тизимини тезлик билан тўғри ўзанга солиш билан бир қаторда, шу кеча-кундузда мавжуд мутахассислардан ҳам тўғри фойдаланишни йўлга қўйиш керак деб ҳисоблаймиз.

Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, бизда деярли барча соҳада, айниқса, раҳбарлик лавозимларида иш бошлаш – тайинлов асосида амалга оширилади. Бунинг ўрнига турли хил усулдаги танловлар усули самаралироқ. Мисол учун, ҳар икки йилда халқ таълими бошқармаси раҳбарини ўқитувчиларнинг ўзлари (борингки ота-оналар ҳам) интернет орқали овоз бериш йўли билан танлашлари мумкин-ку. Энг яхши кадрни халқнинг ўзи танлаб олади-ку. Тасаввур қилинг, агар бу тизим барча соҳада йўлга қўйилса, соҳа ходимлари ўзларига раҳбарни овоз бериб танласа, жуда кўп муаммоларнинг олди олинган бўларди. Ҳозир эса, бутун бошли соҳага катта эҳтимол билан бошқа соҳа вакили кимнидир тайинлайди. Хуллас, ана шу масалалар бўйича ҳам қатор таклифларни илгари сурмоқчимиз.

Фуқаро партиямизга овоз бериб, мамлакатни тезда тараққий эттиришнинг энг ҳаётий йўлларини танлайди деб биламан. Мамлакат тақдири учун жон куйдирган ҳар қандай инсон агар дастурларимизни ўқиб чиқса, “ахир бу менинг ғояларим-ку, менинг партиям шу экан” дейишига шубҳам йўқ, - дейди Миллий тикланиш демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Азимжон Солиев.

Мавзуга оид