ФВВ ва ССВ Юнусободдаги ер ўпирилиши бўйича маълумот берди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши вақтида рўй берган ер ўпирилиши ҳодисаси юзасидан маълумот берди.
«Бугун, 18 декабрь соат 10.00 атрофида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида ёмғирнинг сурункали ёғиши оқибатида тахминан 250 м3 тупроқ ўпирилиб тушди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пудратчи қурилиш ташкилотларининг куч ва воситалари ёрдамида юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда.
Талафот ва жабрланганлар юзасидан аниқлик киритилмоқда ҳамда содир бўлган ҳолатнинг сабаблари ўрганилмоқда», дейилади ФВВ хабарида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирча ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
«Хабар қилинганидек, Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида ер ўпирилиши оқибатида авария содир бўлди.
Воқеа жойига зудлик билан тиббиёт ходимларидан иборат тезкор бригадалар жалб қилинган. Ҳозирча ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ. Воқеа гувоҳи бўлган 1975 йил туғилган қашқадарёлик Б.М. ушбу ҳолатдан қаттиқ стрессга тушган. Айни пайтда унга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Айни вақтда ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда», дейилади вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев берган хабарда.
Бундан аввалроқ Юнусобод туманида, «Мегапланет» яқинида ер бўшаб туннелни босиб қолиши оқибатида бир неча киши тупроқ остида қолиб кетгани тахмин қилинаётгани хабар қилинганди.