Жаҳон | 02:25 / 19.12.2019
7134
2 дақиқада ўқилади

Боливия прокуратураси Эво Моралесни ҳибсга олишга ордер берди

Боливия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Эво Моралесни ҳибсга олишга ордер берди. Мамлакат ички ишлар вазири Артуро Мурильо Twitter саҳифасида ушбу ҳужжатнинг фотосуратини эълон қилди.

Ҳужжатга кўра, собиқ президентни исёнга даъват қилиш, терроризм ва терроризмни молиялаштириш бўйича жиноят иши доирасида ҳибсга олишга қарор қилинган.
Эво Моралес ва Боливиянинг бошқа юқори лавозимдаги раҳбарияти шу йилнинг 10 ноябрида президентлик сайловларининг баҳсли натижалари туфайли 19 кун давом этган сиёсий норозиликлардан кейин истеъфога чиққанди. 

Мамлакатда Сенат спикерининг иккинчи ўринбосари Жанин Аньес президент вазифасини бажаришга киришиб, янги ҳукуматни шакллантирди. Моралес бу воқеани «фуқаролар томонидан давлат тўнтариши» деб атаган ва мамлакатда барқарорлик сақланиши учун истеъфога кетаётганини маълум қилганди.

Истеъфога чиққанидан сўнг Мексикага йўл олган Моралес 12 декабрь куни Аргентина пойтахти Буэнос-Айресга келди. Унга қочоқ мақоми берилди.

Мавзуга оид