Жамият | 17:00 / 20.12.2019
6866
3 дақиқада ўқилади

Европа журналида O‘zLiDeP фаолияти ёритилди

Шарқ ва Ғарб ўртасидаги алоқаларни боғловчи Европа ижодий гильдияси (SRM Group) томонидан Лондонда 2009 йилдан буён ҳар чоракда “OCA magazine” - журнали нашр этилади. Журнал ҳар икки минтақа  маданияти, сиёсати, ҳудудлардаги янгиликларни ёритиб боради. Улар ўртасида ҳам ишбилармонлик ҳамкорлиги, ҳам сайёҳлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш учун мунозаралар ва ғоялар алмашинувларини ташкил этади.

Нашр ушбу минтақа ҳамда Европада истиқомат қиладиган Марказий Осиё вакиллари билан қизиқувчилар учун мўлжалланган. Журнал халқаро ва Европа ишбилармон доиралари вакилларидан иборат кенг кўламли аудиторияни қамраб олган бўлиб, дунёдаги машҳур сиёсатшунослар ва маданият  арбоблари билан  қатор интервьюлар туркумини бериб боради.

Ҳозирги кунда журналнинг босма нашри дунёнинг 10дан зиёд мамлакатларига тарқатилади. Улар орасида мингдан ортиғи бизнес-компаниялар ва 2 мингдан  ортиғи халқаро обуначилардир. Журнални жами 50 минг нафардан ортиқ ўқувчи ўқийди (шу жумладан онлайн режимида). Шу билан бирга университетлар, элчихоналар, авиакомпаниялар ва Марказий Осиё мамлакатлари, Буюк Британия ва АҚШ билан боғлиқ бошқа ташкилотларда ҳам журнални топиб ўқиш  мумкин. 

Нашрнинг сўнгги сонида “Pushing through Uzbekistan’s new reforms. Interview: Aktam Khaitov” (Ўзбекистонда янги ислоҳотларни  амалга  ошириб. Интервью: Актам Хаитов) номли  мақола  чоп этилди. Интервьюда журнал мухбирининг ўзини қизиқтирган кенг кўламли саволларга жавоблари келтирилган. Хусусан, мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимининг ривожланиши, бугунги кунда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мафкураси, демократик ислоҳотлар жараёни ва бу жараёнларда партиянинг роли, партиянинг жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги устувор вазифалари, ташқи сиёсий фаолиятда  партия позицияси ва бошқа шу каби масалалар ўз аксини топган.

Умуман олганда, Буюк Британиянинг мазкур журналида чоп этилган ушбу мақола Европада Марказий Осиё минтақаси, биринчи навбатда Ўзбекистонга, юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани ҳамда мамлакатимизни демократлаштириш жараёнида турли ижтимоий институтлар, масалан сиёсий кучларнинг бир қисми бўлган O‘zLiDePнинг роли ва ўрнини таҳлил қилишга бўлган интилишдан далолатдир.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид