Ўзбекистон | 13:35 / 22.12.2019
15884
1 дақиқада ўқилади

Фото: Партия раҳбарлари сайловда овоз беришди

Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистонда соат 08:00дан бошлаб барча сайлов участкалари очилди. Унда 20,5 миллиондан ортиқ сайловчи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бермоқда.

Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг етакчилари бирин-кетин сайловда қатнашмоқда.

Дастлаб «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси Наримон Умаров сайловда овоз берди.

Партия матбуот хизмати хабар беришича, у турмуш ўртоғи билан 683-«Кўкча» сайлов участкасига ташриф буюрди. Партия раҳбари ҳудуд аҳолисини сайловда фаол иштирок этишга чорлади ва ўзи ҳам сиёсий жараённинг бевосита иштирокчисига айланиб, маъқул кўрган номзодига овоз берди.

ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов Юнусобод туманидаги 140-сонли сайлов округига қарашли 724-сайлов участкасига бориб, ўзи муносиб деб билган номзодларга овоз берди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Шайхонтоҳур туманидаги 680-сайлов участкасига оила аъзолари билан бирга бориб овоз берди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров фейсбукдаги саҳифасида 225-сайлов участкасида овоз бергани ҳақида пост қолдирган.

Мавзуга оид