Жаҳон | 14:25 / 27.12.2019
73904
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда миллий мотам эълон қилинди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олмаотада йўловчи самолёт ҳалокатга учраши муносабати билан умуммиллий мотам эълон қилди.

Фото: Reuters

«Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олмаота яқинида йўловчи самолёти қулаши оқибатида одамлар ҳалок бўлгани сабабли 2019 йилнинг 28 декабрини миллий мотам куни деб эълон қилди», дея хабар берган президенти матбуот котиби Берик Уали.

Бугун тонгда Олмаотадан Нур-Султонга учмоқчи бўлган Bek Air авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган, шундан сўнг аҳоли турар жойлари ҳудудига қулаган.

Ҳозирча қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Олмаота аэропорти маълумотига кўра, самолётда бўлган йўловчиларнинг камида 60 нафари омон қолган. Интерфакс аэропортдан шифохонага олиб кетилган йўловчилар рўйхатини келтирган. Самолётда жами 93 йўловчи ва экипажнинг 5 нафар аъзоси бўлган.

Қозоғистон фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси ҳодиса оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ва 49 киши жароҳатланганини тасдиқлаган. Мамлакат бош вазири ўринбосари Роман Скляр шифохонага ётқизилганларнинг 18 нафари оғир аҳволдалигини маълум қилган. 12 қурбоннинг 8 нафари воқеа жойида вафот этган, 2 киши аэропорт ҳудудида бўлиб турганида, яна 2 киши шифохонада жон берган.

Шу билан биргаликда, тиббиёт ходимлари 15 киши вафот этгани ҳақида маълумот беришган.

Ҳаво кемаси командири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчи учувчи айни вақтда оғир аҳволда шифохонада қолмоқда. Самолёт «қора қутиси» топилган ва текшириш учун мутахассисларга юборилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, самолёт йўловчилари орасида Украина, Қирғизистон ва Хитой фуқаролари ҳам бўлган.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби Тлеухан Абилдаевнинг маълумотига кўра, аэропортдан жами 66 киши шифохонага олиб борилган, уларнинг 50 нафари шифохонага ётқизилган. 

Фото: Reuters

Самолётда ҳалокатдан кейин ёнғин чиқмаган, лекин Рейтер агентлиги мухбири ҳодиса жойи қуюқ туман пайдо бўлганини хабар қилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳалокат қурбонларининг яқинларига ҳамдардлик билдирган ва барча айбдорлар қатъий жазоланишини маълум қилган.

«Фоккерлар» парвози тўхтатилди

Йўловчилар самолётга чиқаётган вақт
Фото / Getty Images

Bek Air авиакомпанияси паркидаги ўрта масофага учувчи Fokker 100 русумли самолётлар Нидерландияда ишлаб чиқарилган. Ҳалокатдан кейин Қозоғистон ҳукумати бу типдаги лайнерлар парвози тўхтатилганини эълон қилди. Шунингдек, Bek Air авиакомпанияси фаолияти ҳам тўхтатилди.

Fokker 100 самолёти 107 нафаргача йўловчи сиғдира олади, у Fokker F28 самолёти асосида қурилган. Fokker 100 самолёти илк бор 1986 йилнинг 30 ноябрида парвозга чиққан.

Бу русумли самолётдан жами 283та ишлаб чиқарилган, самолёт ишлаб чиқарувчиси 1996 йилда банкротга учраган.

Бу типдаги самолётлардан кўплаб йирик авиакомпаниялар, жумладан Alitalia, Lufthansa, KLM, Swiss ва бошқалар ҳам фойдаланади.

Бугун қулаб тушган самолётнинг биринчи парвози 1996 йилнинг апрелида амалга оширилганди, у 23,5 йил олдин ишлаб чиқарилган.

Фото: Reuters

Мавзуга оид