Жамият | 08:41 / 29.12.2019
21310
6 дақиқада ўқилади

Қаршидаги 400 ўринли мактабда 1600 нафар бола ўқимоқда

Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласига ички йўлларнинг ҳолати билан боғлиқ муаммони ўрганиш учун борган эдик. Аммо маҳалла аҳли билан суҳбатлашиш асносида яна бир жиддий муаммо — мактаб етишмаслиги ҳақидаги муаммо юзага чиқди.

Маълум бўлишича, мазкур маҳалладаги 44-мактаб 2004 йилда 434 ўринли қилиб қурилган. Мактаб қурилган пайтда маҳалладан ер участкаси олган фуқароларнинг бир қисми кўчиб келган, бошқалари уйини энди кўтараётган бўлган. Орадан вақт ўтиб, маҳалла аҳлининг асосий қисми кўчиб келганидан сўнг атрофда бошқа мактаб йўқлиги учун ушбу мактабда ўқувчилар сони кескин ошиб кетган.

Бугунги кунда ушбу мактабда 1600 нафардан кўпроқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий йилнинг сентябрида мактаб маъмурияти 21та синфни Қарши шаҳар маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига жойлаштирган. Бундан уч ҳафта олдин коллеж биноси Қарши давлат университетига берилган. Шундан сўнг батамом чорасиз қолган мактаб маъмурияти ўқувчиларнинг бир қисмини собиқ маҳалла идораси ва унинг ёнида жойлашган собиқ МТМ биносига кўчирган. Қисман таъмирланган ушбу бинодан мактаб филиали сифатида фойдаланилмоқда.

Биз филиални кўздан кечирганимизда у ерда ўқувчилар оғир шароитда таълим олаётганига гувоҳ бўлдик.

Ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, филиалда бугун 14та синф, 375 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олаяпти. Аммо маҳалла идораси ва МТМнинг собиқ бинолари таълим талабларига умуман жавоб бермайди. Маҳалла аҳлининг маълум қилишича, 2014 йилда янги 4-5 гектар жой мактаб қурилиши учун қолдириб кетилган. Ўша жой бугун ҳам бўш турибди. Агар бу ерда мактаб қурилса, ҳудудда кўпчиликни қийнаётган муаммо ўз ечимини топади. Бироқ, бир неча йилдан бери мактаб қурилиши бошлангани йўқ.

Бугун 44-мактабда таълим олаётган болаларнинг бир қисми 2–2,5 км, мактаб филиалида ўқиётган ўқувчилар эса камида 3–3,5 км масофага қатнаб ўқишяпти. Ота-оналарнинг айтишича, иккинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар уйига етиб боргунча кеч бўлиб кетади. Бу ҳолат эса уларни хавотирга солмоқда.

Мактабда синф хоналари етишмаётгани боис, маъмурият директор хонаси, кутубхона, ўқитувчилар хоналарини синфхоналар учун бўшатиб бериб, мактаб биносининг катта залини гипскартон билан хоналарга ажратиб, у ердан маъмурий хоналар сифатида фойдаланмоқда.

2018 йил 13-14 декабрь кунларида президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида делегация таркибида келган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 44-мактабга бориб, мазкур муаммо билан танишган.

Вазир 2019 йилда ушбу мактаб ёнидан қўшимча бино ёки «Отчопар» маҳалласида янги мактаб қурилишини дастурга киритишни ваъда берган. Вазир гапида туриб ушбу ҳудудда мактаб қурилишини дастурга киритган. Аммо, айрим сабабларга кўра 2019 йилда «Отчопар» маҳалласида қурилиши лозим бўлган янги мактаб биноси вилоятнинг бошқа ҳудудида қад ростлаган.

Бу ҳолатга Қарши шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалари бўйича ўринбосари А.Насимовдан изоҳ сўрадик.

«Ўшанда вилоятимизда «Отчопар» маҳалласидаги ҳолатдан оғир ҳудудлар бор эди, шунинг учун «Отчопар» маҳалласида қурилиши лозим бўлган мактабни бошқа ҳудудда қурдик», деди у.

Отчопарликларни қийнаётган яна бир оғриқли масала — бу маҳалла кўчалари. Маҳалла 2018 йилда «Обод маҳалла» дастурига тушган. Аммо, маблағ масаласида етишмовчиликлар бўлгани учун маҳалла кўчаларини асфальт қилиш ишлари қолиб кетган.

Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Авазовнинг сўзларига кўра, жорий йил ноябрь ойида шаҳар ҳокимлиги «Шўртангазкимё» мажмуаси ҳомийлигида 70 км узоқликда жойлашган карьердан шағал келтирилиб, маҳалладаги жами 10 километрлик йўлдан 6,5 километрига шағал тўкиб берилган.

Аммо маҳалла аҳлининг тўкилган шағалдан кўнгли тўлмаяпти. Сабаби, шағал деб тўкилган қоришманинг 70 фоизи тупроқ бўлиб чиққан. Маҳалла кўчаларини кўздан кечираётганимизда бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Ҳали ёйилмаган шағалнинг аксарият қисми тупроқдан иборат.

Маҳалла аҳлига кўра, тупроқ тўкилгандан сўнг кўчанинг аҳволи аввалгидан ҳам баттар бўлган, ёғингарчилик бўлган кунларда маҳалла кўчаларида умуман юришнинг имкони бўлмаяпти.

Бу борада Қарши шаҳар ҳокимиинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари У.Авазовдан изоҳ сўраганимизда у «Отчопар» маҳалласидаги кўчаларга шағал тўкиш ўтган йил маблағ етишмовчилиги учун қолиб кетгани, ҳокимлик бу йил ҳомийларни жалб қилиб бажаргани, шағални Ғузордаги ягона карьердан келтиришгани, карьердан ўша пайтда ўшандай сифати пастроқ шағал чиққанини, куз-қиш мавсуми яқинлашаётгани туфайли шағалнинг борини тўкишга мажбур бўлишганини билдирди.

Маҳалла аҳли кўчага ўзлари пул йиғиб сифатли шағал тўкишларини, мутасаддилар фақат маҳалланинг ўртасидан кириб борадиган 2 км узунликдаги асосий йўлни асфальт қилиб беришса етарли бўлишини айтмоқда.

Бугун маҳалла кўчаларига шағал ўрнига тупроқ тўкилгани ва маҳалла марказий кўчасининг асфальт қилинмагани учун бу маҳалла ҳудудига ёғин-сочинли кунларда транспорт кирмай қўйган. Бу эса маҳалла аҳлининг катта кўчагача чиқишида кўп ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

Kun.uz таҳририяти Қаршидаги бу муаммолар тез кунларда ҳал этилиб, аҳолини қийнаб келаётган мактаб ва йўл масалалари ўз ечимини топишига умид билдириб қолади.

 Ғайрат ЙЎЛДОШ.

Мавзуга оид