Спорт | 17:55 / 30.12.2019
21080
14 дақиқада ўқилади

Милоддан аввалги футбол. VAR’га эътирозлар тўғрими?

Ўзбекистон Лига кубоги финалида VAR тизими оффлайн тизимида синовдан ўтказилди. Ҳозирда мутахассислар гуруҳи мамлакатимиздаги стадионларни баҳолаб, ушбу тизимга мослаштириш йўлидаги ҳаракатлар учун кўрсатмалар беришмоқда. Айтишларича, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Суперлигасида ҳам VAR тизими тўлиқ амал қилади.

Аввало, VAR қандай ҳолларда қўлланишини ҳам эслаб ўтсак. Содир бўлиши мумкин бўлган тўрт ҳолат бўйича, ҳакам видеотакрорга мурожаат қилган ҳолда якуний қарорни чиқариш мумкин. Бундай ҳолатлар содир бўлганида, ҳакамнинг VAR бўйича ёрдамчиси махсус алоқа воситаси ёрдамида бош ҳакамга маълум қилади ва вазиятни аниқроқ баҳолаш учун ўйин тўхтатилади. Бу тўрт вазият қуйидагилар:

1. Гол ёки гол эмас

Урилган ҳар бир гол VAR ёрдамчи ҳаками орқали чуқур ўрганилади. Айниқса, жарима майдонида қоида бузилиши ёки офсайд борасида вазиятга ҳатто маълум сониялар орқага қайтариб ҳам баҳо берилади. Видеотасвир ёрдамида гол ёки инобатга олинади ёки ҳаққоний эмас, деб топилади.

2. Пенальти

Жарима майдони ичкарисидаги ҳодисалар – ҳимоячининг қоида бузиши, тўп қўлга тегиши каби вазиятлар видеода яқиндан ва секинлаштирилган ҳолатларда аниқ ўрганилиб, пенальти қарори берилади. Ёки қоида бузилмади, деб топилади.

3. Қизил карточка

Фақат тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилиши мумкин бўлган вазиятларда ҳакам видеотакрорга муҳтож бўлса, VAR ёрдамга келади. Ҳакам вазиятни кўриб, футболчини майдондан чиқариб юбориши ёки жазоламаслиги мумкин. Баъзида вазият сариқ карточка билан ҳам тугайди, лекин бу ерда, «сариқ карточка учун VAR ишлади» деб тушунмаслик керак. Ҳакам аслида қизил карточкага тортадиган вазият деб баҳолаб, видеони кўриши ва кейин «йўқ, қизил эмас» деб топиб, сариқ билан кифояланиши мумкин. Шунчаки, сариқ карточка кўрсатайми, йўқми, деб VAR’дан фойдаланмайди.

4. Идентификация

Ҳакам бир футболчига қизил ёки сариқ карточка беради. Аммо аслида, қоидани бузган бошқа футболчи бўлиб, ҳакам шунчаки, уларни адаштириб юбориши мумкин. Бу ҳолларда ҳам VAR ёрдамчиси вазиятни тўғирлайди.

VAR билан боғлиқ турли мунозаралар, норозиликларни жуда кўп кузатяпмиз, авваллари хатолари учун бош планга чиқадиган ҳакамлар қолиб, тўғри қарорлар туфайли ҳам VAR’ни айбдор қиладиганлар кўпайиб кетди. Бу ҳақида ижтимоий тармоқлардаги турли мэмлар, танқидлар ўз йўлига, мухлислар борасида бу тушунарли. Майдондаги эмоцияга таъсир кўрсатадиган, мухлислик қилаётган жамоасининг зиёнига ишлайдиган ҳар қандай қарорлар ёқмаслиги табиий. Аммо баъзида эътирозлар журналистлар, ҳатто мураббийлар томонидан ҳам янграётгани бироз тушунарсиз. «Манчестер Сити» устози Пеп Гвардиола айниқса, бу тизимдан кўп норози бўлади, ниманидир ўзгартириш кераклигини айтиб келади.

Англия Премьер Лигасидаги кечаги турлардаги воқеалар ҳам VAR ҳақидаги фикрлар кескинлашишига сабаб бўлди. Аслида гап VAR’да эмас ва билдирилаётган эътирозларнинг кўпи асоссиз. Келинг, ўша норозиликларни мазмунан ажратиб, жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Нега у ҳисобланди, буниси ҳисобланмади?

Урилган голлар, белгиланган ёки белгиланмаган пенальтилар учун мана шундай эътирозлар янграши, асосан VAR айбдор қилинишини кўп кузатяпмиз. Масалан, қайсидир ўйинда ҳакам VAR’ни кўриб пенальти белгилайди. Кимдир эса, бошқа ўйиндаги бошқа ҳакамнинг қарорини эслаб, унда нега фалон вазиятда пенальти берилмади, деб мунозарани давом эттираверади ва VAR’ни айблайди. Тўғри, ҳар икки вазиятда ҳам ҳакам VAR’га мурожаат қилган, аммо вазиятни талқин қилиш ва якуний қарор чиқариш барибир ҳакамнинг ихтиёрида қолади-ку, тўғрими? Икки ҳакам, аслида турли вазиятни турлича талқин қилса, VAR’нинг нима айби бор?

VAR – ҳакам учун дастак. Баъзи вазиятларни кўрмай қолганда ёки аниқ баҳо бера олмай қолганда, вазиятни чуқурроқ ўрганиш учун ёрдамчи. Бирор снайпер кўзойнак тақиб, мўлжални тўғри ололмаса, кўзойнакни айбламаганимиздек, VAR ҳеч қандай қарор қабул қилмайди, ҳакамни у ёки бу қарорга ундамайди ҳам. Фақат вазиятга баҳо беришда аниқроқ тасвирни тақдим этади. Қолгани ҳакамнинг қарори.

Тўғри, қисман АПЛ мухлислари VAR’ни салбий тилга олишга бироз ҳақлилар, чунки Англиядаги тизим Европадаги бошқа лигалардагидан фарқ қилади. Масалан, Италия ёки Испанияда бош ҳакам баҳсли вазиятда ўзи майдон четига чиқиб, тасвирни кўриб баҳоласа, Англияда VAR орқали баҳо бериш тўлиқ ўша хонада ўтирган ёрдамчиларга юклатилган. Яъни бош ҳакам вазият видеосини кўрмайди, ёрдамчиларининг баҳосини кутади. Шу тарафдан, VAR’нинг таъсири Англияда бироз фарқлироқ, аммо шунда ҳам, қарорни видеоҳакам эмас, ёрдамчи ҳакамлар чиқаряпти. Худди илгари қанот ҳакамининг қарори билан офсайд белгиланганидек.

Миллиметр ҳам офсайдми? Бу майдакашлик.

«Ҳозирги ҳолатда сизнинг бурнингиз узунроқ бўлса ҳам офсайдга тушиб қолишингиз мумкин бўлиб қолмоқда. Биз ҳакамлар корпуси билан бирга бу ҳақда бош қотиряпмиз ва яқинда ўз таклифларимизни киритамиз. Менимча, 10-20 см фарқни офсайд сифатида баҳоламаслик керак», дебди УЕФА президенти Александр Чеферин.

Аниқ ва гуманитар фанни аралаштирса, шунақароқ фикр ҳосил бўлади. Тасаввур қилинг, ҳозир офсайд чизиғи сўнгги ҳимоячи (аниқроғи, ҳимояланувчи томоннинг иккинчи футболчиси билан) турган нуқта билан ўлчанади, тўғрими? Эртага майдалашмайлик, деб, шу нуқта 20 сантиметрга сурилса, офсайд чизиғи ўша - «ҳимоячидан 20 см буёғи» бўладими? Ҳа.

Ана энди, ҳужумчи 20 эмас, 20,1 сантиметр олдинда бўлиб қолсачи? У энди ҳимоячидан 20,1, офсайд чизиғидан 0,1 см олдинда. Барибир ўша майдалик, «буруннинг чиқиб қолиши» бўлмайдими? Нима фарқи бор? Яъни, офсайд чизиғи бу - аниқ чизиқ. Худди дарвоза ва аут чизиғидек. Сал-пали бўлмайди. Ё офсайд бор, ёки йўқ. Ҳеч ким «бироз ҳомиладор» бўлмаганидек...

Айтмоқчиманки, VAR ёрдамида ўша чизиқ энг кичик ўлчовларгача аниқлашяпти, холос. Бу ерда озгина бўлса, гол ҳисоблайвериш керак, дейиш нопрофессионаллик. Футболда фақат гол ва эмоция тарафдори бўлган мухлислар эмас, бундай қарордан жабр чекадиган нариги жамоа ва унинг мухлислари борлигини ҳам унутмаслик керак. Кимдир барибир норози бўлар экан, қарор аниқ ва тўғри ўлчовлар ёрдамида чиқарилгани ҳаққонийроқ эмасми?

Жуда кўп голлар арзимас сабаб билан ҳисобга олинмай қоляпти

Бу ҳам энг кўп янграётган эътироз. Сабаби, ўйиннинг кайфиятига, эмоциясига таъсир қилаётган асосий жиҳат шу. Яъни бир жамоа гол уради, уни нишонлайди, маълум сониялар давомида майдонда ва телевизор қаршисида ғирт футболча эмоция ҳосил бўлади. Лекин бир дақиқа ўтиб, ҳакам VAR ёрдамида кўриб чиқиб, голни бекор қилади. Яшаб ўтилган бир дақиқалик ҳаяжон бекор бўлади. Қандайдир негатив пайдо бўлади. Албатта, бу ҳолат у қадар чиройли эмас, бундай вазиятлар камроқ бўлиши тарафдориман. Лекин келинг, вазиятга бошқа кўз билан қараб кўрайлик.

Ҳисобга олинмаётган голлар... Бу голлар аввалги тизимда содир бўлармиди? Балки айнан VAR туфайли мана шундай голлар пайдо бўлаётгандир?

Масалан, ҳозир қанот ҳакамларига шундай кўрсатма берилади – «агар офсайд бор ёки йўқлигига шубҳалансанг, байроқчани кўтарма. Вазият тугашини кут». Чунки, агар гол содир бўлса, шундоғам VAR бор ва унинг ёрдамида аниқ қарор чиқарилади.

VAR’дан илгари эса, қанот ҳакамида бундай комфорт бўлмаган. У ҳар сафар офсайд қарорини ўша вазиятнинг ўзида чиқариши ва байроқни кўтариш-кўтармасликни ҳал қилиши лозим эди. Одатда бундай шароитда ҳакамлар ҳимояланувчи томонда бўлишар, сал шубҳа туғилса, ўзларини «страховка» қилиш учун байроқчани кўтаришарди. Кўпинча, вазият голга етиб бормай, ўйин тўхтатиларди. Яъни ҳакам учун «офсайддан урилган голни ҳисобламади» деган айбдан кўра, «бир вазиятда офсайдни нотўғри қайд этди» дейилиши юмшоқроқ. Чунки иккинчи вазият ҳали голга етиб ҳам бормаган бўлади, кўпинча.

Мисол учун, кеча «Вулверҳэмптон»нинг «Ливерпуль» дарвозасига урган, лекин ҳисобга олинмаган голи. Зарба берувчи эмас, унга ассистни амалга оширган футболчи миллиметрли офсайдда деб топилди. VAR’ни сўкдингиз. Аммо агар VAR бўлмаганида, балки ён ҳакам ҳали ассист амалга оширмасдан туриб ҳам байроқчасини ҳар эҳтимолга қарши кўтарган ва ўйин тўхтатилган бўларди. Хуллас, агар сиз, VAR бўлмаганда мана бу гол ҳисобланган бўларди, деб ўйласангиз, адашасиз, VAR’сиз ўша вазият умуман охиригача ўйналиши гумон эди.

Яхшироқ тушуниш учун қуйидаги икки вазиятни кўриб чиқамиз.

Биринчиси, 2013 йилда, Стерлинг ҳали Рожерс бошчилигидаги «Ливерпуль»да ўйнаб юрган пайтлар. У «Манчестер Сити» дарвозасига урган гол офсайд туфайли инобатга олинмаганди.

Видеодаги вазиятда кўриш мумкинки, қанот ҳаками байроқчасини кўтарган, лекин бу ҳолатда ҳеч қандай офсайд йўқ. Аммо у пайтларда VAR йўқ эди, вазият офсайдлигича қолган. Агар VAR бўлганида, қанот ҳаками байроғини кўтармас, Стерлинг ҳисобни очган бўларди. Кейин VAR вазиятни кўриб чиқиб, бу голни ҳисобга оларди.

Кўряпсизми, аслида VAR миллиметрли офсайдлар туфайли, голларни бекор қилмаяпти, аксинча, балки голларни кўпайтираётган бўлиши мумкин. Чунки ҳужумчи ҳимоячи билан бир чизиқда турган ва VAR ёрдамида ҳисобга олинган голлар ҳам кўп. Аввал шу ҳолат бўлганида, ҳакам хато билан байроқчасини кўтариши мумкин эди.

Худди, мана бундай:

Бу видео VAR замонидан, «Манчестер Юнайтед» – «Арсенал» баҳсида Обамеянг томонидан урилган гол.

Дастлаб қанот ҳаками инструкция билан ҳаракат қилмади ва ҳужумчининг яққол офсайдда деб ўйлаб, байроқчасини кўтариб қўйди. Бош ҳакам вазият тугашини кутди. Гол бўлди. Кейин эса, VAR орқали кўриб чиқилганда, Магуайр анча орқада қолиб кетгани, аслида гол ҳаққоний урилгани маълум бўлди. Ҳисобланди. Агар VAR бўлмаганда, қанот ҳакамининг дастлабки қарорини тузатиш имкони бўлмас, бош ҳакам ҳам унга ишониб, голни ҳисобламасди.

Агар VAR бўлганида...

Агар VAR бўлмаганда, деб кўп айтдик, лекин агар бу тизим аввалдан ишлаб келганида, футбол тарихи ҳам бошқача бўлиб кетиши турган гап эди. Тўғри, бу бизга ёқмас, балки футбол бир қатор дурдона воқеалардан, масалан Марадонанинг машҳур голидан мосуво бўлиши мумкин эди, лекин аслида хатолар ва нотўғри қарорлар ҳеч қачон, ҳеч қандай сабаб билан оқланишига йўл қўймаслиги керак. Чунки Марадонанинг ўша голидан жабр чеккан инглизлар ҳам бор, балки ҳакамлар хатосисиз Англия терма жамоаси ярим финалга чиқиши мумкин эди.

Ёки Ўзбекистон терма жамоасини олайлик. Ўтган асрларга қайтмайлик-да, кўз ўнгимизда турган вазиятларни эслайлик.

2007 йилдаги Осиё Кубоги чорак финалида Максим Шацких Саудия Арабистони дарвозасига гол уриб, ҳисобни 2:2 кўринишига етказади. Аммо аслида тоза гол ҳакам хатоси билан офсайд деб баҳоланади. VAR билан биз ўшанда балки вазиятни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз ва Осиё Кубогидаги энг яхши натижамизни тўрт йил олдинроқ қайд этишимиз ҳам мумкин эди.

2012 йилда эса янада аянчли вазият содир бўлган. ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичида, 1-турда Эронни қабул қилганмиз ва катта ташаббусга эришгандик. Одил Аҳмедов ҳатто ҳисобни очганди ҳам. Нафақат VAR, балки шунчаки, тўпнинг чизиқни кесиб ўтганини қайд этадиган технология бўлганида ҳам, биз Эрон билан бошқача натижага эришар ва балки ЖЧ қатнашчиси бўлардик. Чунки эсингизда бўлса, якунда фақат тўплар нисбатидаги фарқ туфайли тўғридан-тўғри йўлланмадан қуруқ қолгандик. 

Биз, умуман футбол, турли йилларда инсоний фактор, яъни ҳакамнинг у ёки бу вазиятни кўрмай қолиши ёки аниқ баҳолай олмаслиги оқибатида, турли хатоларни, адолатсизликларни бошдан кечирган бўлса, энди, 21 асрга келиб, ҳакамларни техник дастак билан таъминлаш йўли бўла туриб, нега ундан воз кечишимиз керак экан? Турли камчиликлар эса, табиий равишда тузатилиб, бу тизим янада такомиллаша боради, бу аниқ.

VAR футбол кайфиятини ўлдиради, ҳиссиз қилиб қўяди, дейдиганлар, менимча, «шу телефонлар чиқиб, меҳр-оқибат ўлди» деб ёзғирадиганларга ўхшашади. «Фарзанд онасидан телефон орқали хабар олса, юзма-юз гаплашишга етмайди-ку?», деб қўйишади. Аслида, телефонлар бизни яқинлаштирди, сиз онангиз билан илгаригидек, ҳафтада бир марта эмас, кунига етти марта гаплашиш имкониятига ҳам эга бўлдингиз. Қўшимча. Агар шу билан кифояланиб, ўша ҳафталик юзма-юз учрашувлардан воз кечсангиз, бу энди телефоннинг эмас, сизнинг айбингиз-да, тўғрими?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид