2019 йил Ўзбекистонда нималар билан ёдда қолди?
Йил якунланмоқда. Яна бир сана ўзгаряпти. Тарихга муҳрланаётган 12 ой, 365 кун ва 8760 соатнинг ҳар бири ўзига хос воқеалар билан кечди. Биз уларнинг энг шов-шув бўлганларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ҳокимлар иши
Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш 2019 йилги давлат дастурида белгиланган бўлса-да, бу амалга ошмай қолди. Аммо йил давомида ҳокимларнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари билан доимий равишда жамоатчилик диққат эътиборига тушиб тургани – қоғозда қолиб кетган сиёсий ислоҳотнинг қанчалик зарурлигини кўрсатиб қўйди.
Бу борада Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни «энг илғор» десак адашмаймиз. Аввалига снослар можаросида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қашқадарё вилояти ҳокими (кейинчалик ишдан олинган) Зафар Рўзиевлар билан биргаликда президент топшириғига кўра омма олдида кечиримга ўхшаш сўзларни гапирган Ғаниевнинг кейинги «қаҳрамонлиги» ҳам кўп куттирмади.
Рўмол ва соқол ҳақидаги ўта шармандали аудиодан кейин Сенатнинг Одоб комиссиясига чақирилган Фарғона ҳокими «ўтиниб-ўтиниб» кечирим сўради. Унга 3 ой синов муддати берилган бўлса-да, 2 ой ўтар-ўтмай туман ҳокимига блогернинг «жанозасини ўқиш»ни буюрди...
Туман ҳокимлари орасида Равшан Комиловга етадигани бўлмади. Аввалига ўғирланган маккажўхори видеоси, кейинчалик сўкишларга тўла аудио тарқалиб, Миришкор тумани ҳокимига олам-олам «шуҳрат» келтирди. Балки шулар сабабдир, Комилов ҳокимликдан кетди.
2019 йил Қашқадарё ҳокими лавозимида 6 йилдан буён ишлаб келган Зафар Рўзиевнинг ишдан олиниб, ўрнига Зойир Мирзаевнинг тайинланиши билан ҳам ёдда қолди. Ариқ ва кесаклар воқеаси билан «довруқ қозонган» Мирзаев бир йилдан буён Жиззахнинг Шароф Рашидов туманини бошқариб келаётган эди. Ўз навбатида, Зафар Рўзиев Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига ҳоким этиб тайинланди.
«Қанотли» жумлалар
2019 йил сиёсатчиларнинг шов-шувли баёнотлари билан ҳам ёдимизда қоладиган бўлди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ҳамда либерал-демократлар етакчиси Актам Ҳайитов гўшт нархи ошаётганини «Биз кўп гўшт еяпмиз» дея изоҳлагани айниқса шов-шувларга сабаб бўлди.
Орадан кўп ўтмай, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарма бошлиғи Абдуҳамид Жўраев электр энергиясини тежаш ҳақида гапириб, жумладан шундай деганди: «Бутун дунёдаги энг ривожланган давлатлардан ҳам кўпроқ электр энергияси истеъмол қиларканмиз. Жуда кўп истеъмол қиламиз».
Кейинги қанотли жумлалар муаллифлари ҳам сиёсий партиялар вакиллари бўлди. Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятовнинг фикрича, Тошкентда яшовчи беш кишилик оила 2,5 млн сўмга бемалол яшай олади. У кўп ўтмай бунда фақат озиқ-овқат харажатларини назарда тутганини маълум қилди.
Сайловлар арафасида Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов вилоятлар аҳолиси Тошкентга келишдан олдин профилактика инспекторидан талон олиш тартибини йўлга қўйишни таклиф этиб, прописка режими танқидчиларининг нишонига айланди.
Энг кўп муҳокама қилинган мавзулар
Йил давомида энг кўп эътибор қаратилган мавзулар бешлигига қисқача тўхталиб ўтсак.
1. Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиши эҳтимоли
2. Автомобиллар учун кундузги чироқ талаби
3. Тошкентдаги элит тоифа мактабларига пуллик қабул
4. Солиқ ислоҳоти ва ҚҚС
5. Ўзбекистонда АЭС қурилиши
Булардан ташқари, йил охирида депутатликка сайловлар жамоатчилик диққат марказида бўлди.
Шов-шувли истеъфо ва жиноий ишлар
1. Отабек Муродов. Ихтиёр Абдуллаев ўрнини эгаллаган янги бош прокурор ҳам 1,5 йилга яқин ишлаганидан сўнг порахўрликда айбланиб, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт жазоси қўлланди.
2. Ихтиёр Абдуллаев. Бош прокурорликдан ДХХ раислигига ўтган Абдуллаев бу лавозимда бир йилдан кўпроқ ишлади ва лавозимидан олиниб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
3. Рашиджон Қодиров. Гарчи собиқ бош прокурор бу йилга қадар лавозимидан четлатилган бўлса-да, унга нисбатан узоқ кутилган ҳукм айнан 2019 йилда ўқилди ва Қодиров 10 йилни панжара ортида ўтказадиган бўлди. Таъкидлаш жоиз, у бу лавозимда 15 йилдан ортиқ ишлаган.
4. Дмитрий Пан. Узоқ йиллар ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондони бўлиб ишлаган генерал-майор ноябрь ойида лавозимидан озод этилиб, қамоққа олинди. У ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлигида айбланмоқда.
Норозиликлар ва уларнинг ечими
1. Снослар можароси ортидан Хоразм вилоятидаги бир гуруҳ фуқаролар бош кўтаришди. Уйлари бузилиб, белгиланган компенсацияни ола билмаганлар Урганч-Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсиб қўйишди. Шахсан бош вазир ҳудудга етиб борди ва барча компенсация пуллари тарқатиб берилди.
2. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг тадбиркор Баҳриддин Исамовнинг мулкини бузишга ҳаракат қилиши ортидан тадбиркор ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб ёқиб юборди. Натижада тадбиркор биносини сақлаб қолди, аммо ҳар иккиси жиноий жавобгарликка тортилди.
3. Риштон туманида ободонлаштириш жараёнида кўпчиликнинг уйи ва бошқа кўчмас мулклари бузилди. Уйи бузилганлар жуда оз компенсация берилишидан норози бўлдилар. Масала ечими учун катта ҳашар уюштирилди, вилоят ҳокими президентдан танбеҳ эшитди.
4. Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани Шортонбай овулида одамлар газ йўқлигидан нолиб, кўчага чиқдилар ва йўлларда автомашинанинг эски балонларини ёқдилар. Мутасаддилар воқеа жойига етиб бориб, зарур маҳсулотлар етказилди.
5. Автомобилларга метан қуйиш шохобчаси ёпилгани сабабли бир кундан бери навбат кутаётган ҳайдовчилар «Тошкент-Гулистон» йўлини тўсиб қўйдилар. Тўпланганлар зудлик билан тарқатилди, таъминот қисман яхшиланди.
Ушалмаган орзулар
1. Прописка. Эски тузум сарқити деб баҳоланувчи бу тизим ҳам минглаб марта танқид қилинганига қарамай чеклов ўз кучини йўқотмади.
2. Электр энергияси ва газ таъминотидаги узлуксизлик. «Лукойл» билан шартнома тузилганида миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини ҳатто президент ҳам тасдиқлади. Совуқ тушиши билан жойларда энергетика таъминотидаги узилишлардан кўплаб шикоятлар бўлади. Бу айниқса тадбиркорларга миллионлаб зарар келтирмоқда.
3. Парвоз нархлари. Ҳаво транспорти соҳаси кучли танқидларга учраганига қарамай, қилинган ўзгаришлар аҳоли учун сезиларли даражада бўлгани йўқ. Лоукостерлар очилиши режалари режалигича қолди, йил охирида бунинг ўрнига гибрид авиаташувлар жорий этилиши мумкинлиги айтилди.
4. Ҳокимларни депутатлар Кенгаши раислигидан чиқариш. Ҳудудларда кўланкаси майдон ҳокимлардан қатор ваколатлар олиб қўйилди, лекин уларнинг тийиқсиз ҳаракатларига қарши энг асосий маъмурий чора – вакиллик органи бошлиғи мақомидан маҳрум қилиш яна бир неча йилга кечиккан кўринади. 2019 йилги давлат дастурининг бу банди нега амалга ошмай қолгани ҳақида ҳеч ким изоҳ бермагани ва бу мавзу кўтарилмай қолганидан ана шундай хулосага келиш мумкин.
5. Ушалмаган орзулар ҳақида гап кетганда, андижонлик тикувчи аёл Хуршида Тиллаевани ҳам эслаб ўтиш тўғри бўларди. Коттеж орзусидаги аёл ҳудудий раҳбарларнинг президент олдидаги кўзбўямачилиги қурбони бўлди.
Аброр Зоҳидов тайёрлади.
Мавзуга оид
21:07 / 19.12.2024
Путин билан йил якунлари: асосий саволларга жавоблар ҳақида қисқача
20:20 / 31.12.2023
Ўзбекистон 2023 йилни қандай ўтказди?
18:45 / 31.12.2023
Йил якунлари: жаҳонда рўй берган асосий 10 воқеа
13:03 / 31.12.2023