Жаҳон | 19:20 / 31.12.2019
73383
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон пойтахти 120 йиллик тарихдаги энг совуқ кунларни бошдан кечирмоқда

Ҳиндистоннинг шимолий қисмига совуқ ҳаво оқими кириб келди. Мамлакат пойтахти Деҳли шаҳрида 1901 йилдан буён энг совуқ кун кузатилди - Цельсий бўйича +9,4 даража.

Фото: Getty Images

Душанба куни Ҳиндистон пойтахти совуқдан ташқари қуюқ туман остида қолди, бунга ҳаво кескин даражада ифлосланиши қўшилди.

Байрам олди кунларида совуқ туфайли поездлар қатнови 30 йўналишда ўзгаришларга учради, қуюқ туман туфайли Индира Ганди номидаги аэропортда 450дан ортиқ авиарейс кечиктирилди.

Метеорологик маълумотларга кўра, Деҳлида 1901 йилдан буён энг совуқ ҳаво кузатилмоқда, ўшанда ҳаво ҳарорати +9,8C даражани ташкил этганди.

Мамлакатнинг барча шимолий штатларида кундузи ҳарорат нормадагидан 10 даража паст бўлмоқда.

Ноодатий совуқдан болалар ва уйсизлар азият чекмоқда. Кўчаларда нафас олиш қийинлашган, аммо мактабларда дарслар давом этмоқда.

Деҳлидаги уйсизлар бошпаналари - шаҳарда бундай нуқталар 200дан ортиқ - одамлар билан тўлган. Тунда ҳарорат +1С даражагача тушмоқда, уйсизлар орасида ўлим ҳолатлари қайд этилмоқда.

Бошпаналарда ҳам совуқ - Ҳиндистондаги уйлар ҳеч қачон иситиш мосламалари билан таъминланмаган. Дўконларда электр иситгичлар сотилмоқда, сотувчилар чегирмалар жорий қилишган.

Аммо Ҳиндистонда бундай қурилмаларни сотиб олишга имконияти йўқ қашшоқларнинг сони миллионлаб. Улар анъанавий усулларда исинишмоқда: тўшак ичига иссиқ сув солинган идишларни қўйишади ва устини чойшаблар билан ёпишади.

Ҳиндистонда қишки кийимлар кийишга ҳам одатланишмаган: шкафда кўпи қўпол свитер ва шолрўмол топилиши мумкин.

«Ҳеч нарса кўринмаяпти... Жуда совуқ... Машинани эҳтиёткорлик билан бошқаринг», - дея ёзган Деҳлида яшовчилардан бири твиттердаги саҳифасида. Смог туфайли ўлим билан якунланган йўл транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда.

Қишнинг илк кунларида Деҳлига Ҳимолайдан совуқ ҳаво оқими кириб келади, аммо одатда декабрь ойи охирида бу ҳаво оқими ўрнини ғарбдаги Уттар-Прадешдан эсувчи илиқ ҳаво оқими эгалларди. Аммо бу йил Уттар-Прадеш, Харьян ва Панжоб штатларига ҳам совуқ ҳаво оқими ёпирилган.

Ҳаво сифати индексини (AQI) 450 рақамини кўрсатган (норма 0-50 ҳисобланади), бу эса фавқулодда ҳолат белгисидир.

«Деҳлидаги ҳаёт ошиқни эслатади: жудаям совуқ, ўз танангни сезмайсан, туман қалинлиги туфайли кўрга ўхшаб юрасан», дея романтик муносабат билдирган яна бир твиттер фойдаланувчиси Амрита Мадхукалья.

Мавзуга оид