Спорт | 18:32 / 05.01.2020
9642
2 дақиқада ўқилади

ПФЛ раҳбари Суперлиганинг қарздор клубларини трансферлар борасида огоҳлантирди

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори Даврон Шоқурбонов Суперлига клубларига хат йўллаб, қарздор клубларни огоҳлантирган. Бу ҳақда Tribuna.uz манбаси хабар бермоқда.

«2020 йилги мавсумда Ўзбекистон футбол ассоциацияси президентининг топшириғига асосан, футболчи ва мураббийлар билан имзоланаётган меҳнат шартномалари бўйича қатор талаблар белгиланмоқда.

Йилни катта қарздорлик билан тугатаётган футбол клубларига қишки трансфер ойнасида футболчиларни рўйхатдан ўтказишга рухсат берилмайди. Бу ҳолатда қарздорлик бартараф этилган тақдирда ҳам, трансфер бозори улар учун очиқ бўлмайди. Мазкур чекловни белгиланишида қарзларни қачондир тўлаш эмас, ўз вақтида тўланишини таъминлашга эътибор қаратилган. Трансфер ойнаси ёпилаётган вақтда ҳам қарзлари бўлган футбол клубларига ёзги трансфер вақтида ҳам меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тақиқланади», - дея ёзилади ПФЛ директори томонидан имзоланиб, клубларга жўнатилган хатда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпионатида трансферлар ойнаси 17 декабрдан расман очилган бўлиб, 7 мартгача давом этади. Бу йилдан футболчиларни ЎзПФЛда рўйхатдан ўтказишдан олдин, тиббий кўрикдан ўтиши талаб этилади. Суперлига янги мавсуми 28 февраль куни старт олади.

Мавзуга оид